Мумтоз адабиётимизнинг йирик вакилларидан бири Сайфи Саройидир. Уадабиётимизда шоир ва таржимон сифатида алоҳида ўрин эгаллайди.
Манбаларда баён қилинишишича, Сайфи Саройи 1321 йилда Қамишли юртида туғилган. Қамишли-Хоразмдаги қишлоқлардан бирининг номи. Аммо у ном Волга бўйида ҳам кўп учрайди. У Қамишлидан билимини ошириш учун Саройга келади. Сарой-Олтин Ўрда давлатининг пойтахтидир. “Сайфи” шоирнинг исми бўлиб, у арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “қилич” деган маънони англатади. Шоир Олтин-Ўрдада яшаб, шу ер нуқтаи назаридан “Саройи” деган тахаллусни олади. Шу сабабли шоир Сайфи Саройи аталади.
Сайфи Саройининг яшаб ижод қилиб ўтган даври тарихда Ўзбекхон ўғли Тинибек ва Жонибекларнинг ҳукмронлиги даврига тўғри келади. ХIII асрдаги мўғуллар истилоси мамлакатни издан чиқарган эди. Бу босқин туфайли кўплаб кишилар қирилди. Кўплаб шоирлар ўзга юртларга кетиб қолди. Сайфи Саройи ҳам шулардан бири эди. У шундай ёзади:
Ўсиб тупроғим узра найзалар, мен эвдин айрилдим,
Ватандин бенишон ўлдимда, ўзга юртга эврилдим.
Нечун менга фалак жавр айлади, қандай гуноҳим бор?
Илоҳо айла кам жабринг, мен элга содиқ ул эрдим.
Демак, Сайфи Саройи Мовароуннаҳрда, Олтин Ўрда давлатининг пойтахти Саройда яшаб ижод қилган. Миср ва Туркияда ҳам яшаган. «Гулистон бит-туркий» китобидаги қуйидаги мисралар шоирнинг Миср маликларидан бирининг хизматида бўлганлиги, қариб қолганлиги туфайли ўз ватанига кетиш учун маликдан рухсат сўраганидан далолат беради:
Илоҳий бу қари мискин қулингни,
Бағишла кўргузуб тўғри йўлингни.
Маликлар расмидир дилшод қилмоқ,
Қариса қулларин озод қилмоқ.
Қари ёрли қулинг Сайфи Саройи,
Фақиру бенаво лутфинг гадойи.
Ани лутфинг билан дилшод қилғил,
Бағишлаб ёзуқин озод қилғил.
Сайфи Саройи 1396 йилда вафот этади
Маълумки, форс-тожик шоири Саъдий Шерозий 1258 йилда “Гулистон” асарини ёзган эди. Бу асар Сайфи саройи 1390-1391 йилларда биринчи марта туркий тилга ижодий таржима қилади. Шу сабабли ижодий таржима “Гулистони бит-туркий” яъни “Гулистон асари туркий (тилда)” деб номланган.
Сайфи Саройининг “Гулистони бит-туркий” асари ўзбек мумтоз адабиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Форс-тожик шоири Саъдий Шеърозий “Гулистон” асари асари таржимаси асосида яратилган “Гулистони бит-туркий” асарида туркий халқларга хос ахлоқий меъёрлар, туркий халқларга хос дунё қараш ва миллий тафаккур яққол намоён бўлади.
Сайфи Саройи «Гулистон»идаги ҳикоятлар қуйидаги бобларга бўлинган:
Биринчи боб-султонлар ҳақидаги ҳикоятлар.
Иккинчи боб-фақирлар ахлоқи ҳақидаги ҳикоятлар.
Учинчи боб-қаноатнинг фойдаси ҳақидаги ҳикоятлар.
Тўртинчи боб-сукутнинг фойдаси ҳақидаги ҳикоятлар.
Бешинчи боб-ишқдаги йигитлик сифати ҳақидаги ҳикоятлар.
Олтинчи боб-қариликдаги заифлик сифатлари ҳақида.
Еттинчи боб-тарбиянинг таъсири ҳақида.
Саккизинчи боб-суҳбат одоблари ҳақида.
Ҳар ҳикоятнинг охирида масал ёки фалсафий чекинишлар мавжуд. Масаллар, тўртлик, байтлар шоирнинг мулоҳазаларини тасдиқлаш учун хизмат қилган.
Асардаги ҳикоятлар мавзулари ранг-баранг бўлганидек, образлар ҳам хилма-хилдир. Шоҳлар, вазирлар, амалдорлар, руҳонийлар, олимлар, ҳунармандлар, деҳқонлар, дарвешлар, ўғрилар, паҳлавонлар, савдогарлар ва бошқалар. Шартли тарзда номлануви «Асир, подшо ва вазир» ҳақидаги (асир подшони сўкиши, икки вазир икки хил талқин этиши), («Подшо ва уч ўғли») кичик ўғилнинг кўримсиз, аммо жасурлиги), «Малик, қул ва кема», «Нўширавон ва кийик овлаш», «Тош билан боғлиқ ҳикоят», «Паҳлавон ва шогирди» (шогирднинг хиёнати ва 360 усул), «Паҳлавон ва сўкиш», «Ўғри, шоир ва итлар» каби ҳикоятлар характерлидир.
Сайфи Саройининг ўзбек адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссаси бебаҳодир. Ундан бизгача, бир қанча ғазал, қасида, қитъа, рубоийлар, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони, «Синбонднома», «Гулистон» каби асарларининг эркин таржималари етиб келган. Булардан ташқари, Саъдий «Гулистон»и таржимасига киритилган оригинал шеърий парчалар, маснавийлар ҳам Сайфи Саройи қаламига мансубдир. Шоир ғазалларида шакл ва мазмун бирлигини биринчи ўринга қўяди.
Сайфи Саройи «Гулистони бит-туркий» асарининг жаҳон бўйича бирдан-бир нусхаси Лейден университетининг кутубхонасида сақланади. Бу қўлёзманинг фотонусхаси Тошкентда ҳам сақланмоқда.
Умуман олганда, «Гулистони бит-туркий»даги ҳикоятларни ўқиш, ундаги мазмун ва моҳиятни англаш, ҳикоятлардаги қизиқарли тасвирлар ҳар биримизни ўзига ром эта олади.
Муҳаййо Акбарова,
Tурон университети магистранти