Ҳар биримиз оилавий ажримлар бўлмаслиги учун ҳаракат қилишимиз даркор. Инсоннинг оиласи бузилиши учун Шайтон ва унинг малайлари ҳаракат қилади. Оилавий ажримлар бўлиши ҳеч бир мусулмонни хурсанд қилмайди, оилавий ажримлардан фақат Шайтон хурсанд бўлади.
Инсон оиласининг бузилиши эса катта бахтсизликдир. Шайтон инсон оиласини фитнага солади. Инсон оиласининг бузилишидан, эру-хотиннинг ажралишидан, болаларнинг машаққатга қолишидан фақатгина Шайтон хурсанд бўлади.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон (Иблис) тахтини сувнинг устига жойлаб, сўнгра аскарларини (ер юзига) тарқатади. қайси шайтон энг катта фитна (бузғунчилик)ни қила олса, ўшаниси катта Шайтон (Иблис)га яқин (вазир) бўлади. Бир шайтон келиб. мен ундоқ ва бундоқ (бузғунчилик) қилдим, деди. Шайтон (Иблис) унга:“ Ҳеч нарса қила олмабсан” деди. Сўнг (кўпчилик иблислар мана шу жавобни эшитгач), бир шайтон келиб: “Мен фалончини токи аёлидан ажрамагуни (оиласини бузмагуним)ча (васваса қилишни ва ораларига совуқлик солишни) тўхтатмадим”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “ мана шу шайтонни ўзининг яқинига олади ва унга: “Ҳа, сен (қойил қилибсан) дейди” дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло оилаларимизни Шайтон ва унинг малайлари фитналаридан асрасин! Оилавий ажримлар бўлмасин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими, Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор “ масжиди имоми