Рамазон ойи — Ислом динидаги энг улуғ ва муборак ойлардан бири бўлиб, у бутун мусулмон уммати учун раҳмат, мағфират ва нажот ойи ҳисобланади. Бу ойда Қуръони карим нозил қилинган бўлиб, у инсонзот учун тўғри йўлни кўрсатувчи, ҳақ билан ботилни ажратиб берувчи муқаддас китобдир. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи Қуръон ойи деб ҳам аталади.
Рамазон ойининг энг асосий ибодати — рўза тутишдир. Рўза Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, балоғат ёшига етган, соғлом ва имконияти бор ҳар бир мусулмон учун фарз ҳисобланади. Рўза инсонни нафсини тийишга, сабр-тоқатли бўлишга, ҳалол-ҳаромни ажрата билишга ўргатади. Рўза фақат оч қолиш эмас, балки тилни ёмон сўздан, кўзни ҳаромдан, қалбни ёмон ниятлардан сақлашдир.
Бу ойда қилинган ибодатларнинг савоби бир неча баробар зиёд қилиб ёзилади. Хусусан, Рамазон ойида ўқилган бир фарз намозга бошқа ойларда ўқилган етмиш фарз намоз савоби берилиши ҳақида ҳадисларда келган. Шунингдек, Қуръон тиловат қилиш, дуо қилиш, садақа бериш, кам таъминланганларга ёрдам кўрсатиш каби савобли амаллар айниқса фазилатлидир.
Рамазон ойидаги энг улуғ кечалардан бири — Қадр кечасидир. Бу кеча «минг ойдан яхшироқ» деб таърифланган бўлиб, айнан шу кечада қилинган ибодатлар жуда улкан савобга эга. Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида бўлади ва мусулмонлар бу кечада кўпроқ ибодат қилиб, тавба-истиғфор айтишга ҳаракат қиладилар.
Рамазон ойи инсонни фақат ибодатга эмас, балки ахлоқий покликка ҳам чорлайди. Бу ойда инсон ўз хатоларини тан олиб, яқинларига меҳр-оқибатли бўлиши, кечиримлиликни ўрганиши лозим. Ота-онага ҳурмат, қариндош-уруғлар билан алоқани мустаҳкамлаш, камбағал ва етимларнинг ҳолидан хабар олиш — Рамазон ойининг энг муҳим маънавий сабоқларидандир.
Шунингдек, Рамазон ойи жамиятда ҳам бирдамлик ва аҳилликни мустаҳкамлайди. Ифторлик дастурхонлари орқали одамлар бир-бири билан кўришиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳи кучаяди. Масжидларда ўқиладиган таровеҳ намозлари эса мусулмонларни янада яқинлаштиради, қалбларда иймонни мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойи — бу фақат очлик ойи эмас, балки қалбни поклаш, иймонни мустаҳкамлаш, инсонни комиллик сари етакловчи улуғ тарбия мактабидир. Бу ойни қадрлаб ўтказган инсон нафақат савобга эга бўлади, балки ўз ҳаётида ҳам маънавий юксалишни ҳис қилади. Рамазон — ҳар бир мусулмон учун янги ҳаёт, янги ният ва янги умидлар ойидир.
Ш Абдуллаева,Шахрисабз туман бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари буйича ўринбосари