1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Ихтилофни кўтариш” хато

16-02-2026, 18:17 111 Ўқиш режими + -
Сохта Салафийлик тоифасига мансуб бўлган Содиқ Самарқандий “YouTube” платформасидаги “IXLOS TV” каналида “Қуръон хатм қилиб ўликларга бағишлаш” номли маърузасини жойлаштирган. У ушбу  маърузанинг 0:31 дақиқасида  “Қуръон хатм қилиб, унинг савоби ўликларга етиб борадими, йўқми, бу иш ихтилофли масала” деган фикрни билдиради.
У  “Қуръон хатм қилиб, унинг савоби ўликларга етиб борадими, йўқми, бу иш ихтилофли масала”деган даъво  билан Марказий Осиё мусулмонлари ўртасида бу ихтилофни ҳосил қилади.  
Биринчидан, бизнинг ўлкамизда   амал қилинадиган ҳанафия мазҳаби бўйича Қуръон хатм қилиб. унинг савобини ўликларга бағишлаш  мустаҳаб амалдир. Иккинчидан,  Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларга бағишлаш Марказий Осиё халқлари ўртасида кенг тарқалган бир ҳолатда яна бу ихтилофни кўтариш хато ҳисобланади.  
  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобида: 
Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларга бағишлаш барча мусулмонлар, хусусан Марказий Осиё халқлари ўртасида кенг тарқалган. Ҳанафий мазҳаби уламолари бу амални мустаҳаб деб билганлар ва юртимизда мустақиллик йилларигача ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уни бидъат деб атамаган. Чет эллик устозларидан таъсирланган баъзи кишилар бу масалада ихтилоф чиқардилар. Мазҳабсизлик тарафдори бўлганликлари сабабли Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сўзларини эътиборга олмадилар. Лекин иш улар айтганлари каби эмас. Бу ҳақида қуйида батафсил сўз юритилади. Аслида бу масалани тўғридан-тўғри бидъат дейишлари, уларнинг илмсизлигига далолат қилади. Чунки бу масалада мужтаҳид имомлар ўртасида ихтилоф бор ва ҳамманинг ўз далиллари мавжуд. Бундай амаллар бидъат дейилмайди. Масаланинг ечими эса - ҳар ким ўз мазҳабига амал қилишидир. Бунинг устига тўлиқ ҳанафий мазҳабига амал қиладиган Марказий Осиё мусулмонлари ўртасида бу ихтилофни кўтаришлари иккинчи бир хатодир. Кўпчилик уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимо Қуръон тиловати каби баданий ибодатларнинг савоби дунёдан ўтганларга етади, деганлар. Моликий ва Шофеий мазҳабининг кейинги аср уламолари ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар. Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст имомларидан Абу Жаъфар ат-Таҳовий "Ал-Ақидатут Таҳовия” китобларида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаати бордир”, - деб келтирадилар. Ўтганларга қироатнинг савоби етади деганлар қуйидаги ҳадисларни далил қиладилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Фазл ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловига мингашиб олган эди. Шунда Хасъам қабиласидан бир аёл савол сўраб келди. Фазл унга қарар, у Фазлга қарарди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Фазлнинг юзини бошқа тарафга буриб қўйди. Аёл: "Эй, Аллоҳнинг элчиси! Аллоҳнинг бандаларига ҳажни фарз қилган буйруғи отамга қариганда, эгарда ўтира олмайдиган ҳолатида етиб келди. Унинг номидан ҳаж қиламанми?" -деди. Расулуллоҳ: "Ҳа", дедилар. Бу воқеа ҳажжатул вадоъда бўлган эди”. Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши: "Эй, Аллоҳнинг Расули! Онам вафот этди, унинг номидан садақа қилсам фойда қиладими?" - деб сўради. Расулуллоҳ: "Ҳа", дедилар". У айтди: "Мени битта серҳосил хурмозор боғим бор, сизни гувоҳ қилиб айтаманки, уни онамнинг номидан садақа қилдим”.
Бошқа шунга ўхшаган ривоятлар ҳам бор. Бу ривоятлар тиловатнинг савоби маййитга етишига далолат қилмоқда. Чунки вафот этган киши ҳаж, садақадан фойда олиши билан Қуръон тиловатидан фойда олиши ўртасида фарқ йўқ. Ҳанбалий олимлардан Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Қандай савобли ишни қилиб бўлса ҳам, мусулмон маййитга бағишласа, маййитга фойдаси тегади, иншааллоҳ”. Маййитга қироатнинг савоби етиши ҳанафийлар, ҳанбалийлар, моликийларнинг кейинги уламолари ва Шофеий уламолардан Имом Нававийнинг сўзларидир”. 
 Хулоса қилиб шуни айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни халқ орасида ҳар хил   фитна-ихтилофларни кўтаришдан сақлаб, Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин! 
 
Руҳиддин Акбаров,
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имоми