Салафи солиҳларимиз эргашишда чўққилар, иқтидо қилиш ва Роббининг ҳидоятига юришда ёруғ машъал эдилар. Ҳаётларининг ҳар бир катта-кичик ишида, турмушларининг барча жиҳатларида Пайғамбарларининг суннатини излар, Расулларининг йўлини тутар эдилар. Шу боис улар “энг яхши аср” шарафига сазовор бўлдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатдош бўлиш бахтига мушарраф бўлдилар ва ана шу эргашиш сабабли буюк ютуқлар ҳамда ажойиб ғалабаларга эришдилар.
Шунинг учун, азизлар, биз ҳам уларнинг сийратларини ўқишимиз, ҳолатларини ўрганишимиз лозим. Токи улар юрган йўлдан юрайлик, улар эришган улуғликка етайлик ва улар қолдирган яхшиликка мушарраф бўлайлик. Улуғ зотларнинг ҳаётлари турлича, аммо бу мақолада уларнинг рўза борасидаги ҳолатларига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Салафи солиҳларимизнинг рўзадаги ҳоллари энг гўзал ҳоллардан эди. Рамазон ойи келганда юзлари тиришмас, қалблари сиқилмас, рўза ибодатидан малол олмас эдилар. Чунки улар учун бутун йил гўё рўза эди. Ҳа, улар рўзанинг фазилатини, унинг улуғ ажру савобини англаб етган эдилар. Чунки Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда марҳамат қилади: «Одам боласининг ҳар бир амали ўзи учундир, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен бераман» (Бухорий ривояти).
Қандай қилиб рўзадан хурсанд бўлмасинлар?! Аллоҳ таоло “у Мен учундир ва унинг мукофотини Мен бераман” деб турса! Бундан ортиқ қандай шараф бўлиши мумкин? Шунинг учун улар рўза ибодатида мусобақалашар, йил давомида ҳам кўп рўза тутар эдилар, албатта шариат ман этган кунлар бундан мустасно.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: “Отам мени насабли бир аёлга уйлантирди. У хотинимнинг ҳолидан хабар олар, ундан мен ҳақимда сўрар эди. У: ‘Жуда яхши инсон, аммо бизга яқинлашмайди, тўшакка келмайди’, дер эди. Бу ҳол узоқ давом этгач, отам бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақириб: ‘Қандай рўза тутасан?’ деб сўрадилар. Мен: ‘Ҳар куни’, дедим. ‘Қуръонни қандай хатм қиласан?’ дедилар. ‘Ҳар кеча’, дедим. У зот: ‘Ҳар ой уч кун рўза тут ва Қуръонни ҳар ойда бир марта хатм қил’, дедилар. Мен: ‘Бундан кўпроққа қодирман’, дедим. Шунда у зот: ‘Довуд алайҳиссаломнинг рўзасини тут: бир кун тутиб, бир кун оч’, дедилар” (Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу сафарда рўза тутмас, аммо муқим ҳолда деярли оғиз очмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон Форсий билан Абу Дарда розияллоҳу анҳумо ўртасида биродарлик ўрнатган эдилар. Салмон Абу Дардонинг уйига борганда, унинг аёли паришон ҳолда эканини кўрди. Сабабини сўраганда, у: “Биродарингиз дунёга қизиқмайди”, деди. Кейин Абу Дарда келгач, таом келтирди. Салмон: “Е”, деди. Абу Дарда: “Мен рўзадорман”, деди. Салмон: “Сен емасанг, мен ҳам емайман”, деди. У еб қўйди. Кечаси ибодатга турмоқчи бўлганда, Салмон унга дам олишни буюрди. Сўнгра икковлари намоз ўқидилар. Салмон: “Албатта нафсингнинг сенда ҳаққи бор, Роббингнинг сенда ҳаққи бор, оилангнинг сенда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер”, деди. Бу ҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилганда, у зот: “Салмон тўғри айтди”, дедилар (Термизий ривояти).
Улар билишар эдики, бу дунёда Аллоҳ учун чанқаган инсон охиратда чанқамайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рўзадорлар учун жаннатда ‘Райён’ номли эшик бор. Ундан фақат рўзадорлар кирадилар» (Ибн Хузайма ривояти).
Шунингдек: «Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқлаштиради» (Бухорий ривояти).
Салафи солиҳлар фақат таом ва ичимликдан тийилиб қолмас, балки тилларини ҳам ҳаром ва қабиҳ сўзлардан сақлар эдилар. Ғийбат, бўҳтон, жанжал ва ҳақоратдан узоқ эдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Рўза қалқондир. Бас, рўзадор ёмон сўз айтмасин ва жоҳиллик қилмасин», деган ҳадисларига амал қилар эдилар (Бухорий ривояти).
Улар фарзандларини ҳам рўзага ўргатар эдилар. Рабиъа бинт Муъаввиз розияллоҳу анҳо айтади: “Ашуро куни болаларимизни ҳам рўза туттирар, оч қолишса, уларни ўйинчоқ билан овутар эдик, то ифтор вақтигача” (Муслим ривояти).
Салафлар кундузлари рўза тутиб, кечалари қиёму-ллайл қилар, Қуръон тиловат қилар, зикр ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар. Рамазон келганда Қуръонни янада кўпроқ ўқир эдилар. Қатода раҳимаҳуллоҳ одатда ҳар етти кунда Қуръонни хатм қилар, Рамазонда ҳар уч кунда, охирги ўн кунда эса ҳар кечада хатм қилар эди.
Улар ифторларини ҳам камбағал ва муҳтожлар билан баҳам кўрар эдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу фақат мискинлар билан бирга ифтор қилар, агар бундан тўсилса, ўша кеча таом емас эди.
Улар дунё учун эмас, балки рўзадаги чанқоқ кунлар ва тунги ибодатлар учун яшар эдилар. Ўлим олдида ҳам дунёга эмас, балки рўза ва қиёму-ллайлдан ажралаётганига афсус чекканлар.
Мана шундай эди салафларнинг рўзага муносабати. Улар рўзани фақат очлик ва чанқоқлик деб билмас, балки қалбни поклаш, нафсни тарбиялаш, Роббига яқинлашиш воситаси деб билар эдилар.
Энди ўзимиздан сўрайлик: биз қаердамиз? Улар каби рўзани асрай оляпмизми? Улар каби тунларимизни ибодат билан ўтказяпмизми? Улар каби фақат мискинлар билан ифторлик қилияпмизми?
Маҳмудов Ўткир,
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси