Ғузор туманидаги Совлиғор масжиди имом-хатиби Б. Холмўминов Совлиғор МФЙда истиқомат қилувчи 76 ёшли Назирова Ўғилой момо хонадонида бўлиб, муборак Рамазон ойи муносабати билан ифтор дастурхонида иштирок этди. Самимий ва файзли муҳитда ўтган ушбу учрашувда нуроний онахоннинг ҳол-аҳволи сўралиб, кўнгиллар кўтарилди.
Имом-хатиб томонидан Ўғилой момога муҳтарам Юртбошимиз ҳамда Муфтий ҳазратларининг Рамазон ойи муносабати билан халқимизга йўллаган самимий табриклари ва эзгу тилаклари етказилди. Муборак ойда кекса авлод вакилларига эътибор ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан экани таъкидланди.
Ўғилой момо ўз навбатида бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдириб, юртимиз тинчлиги, осойишталиги ва фаровонлиги учун дуолар қилдилар. Айниқса, Президентимиз ҳақларига самимий дуолар айтиб, халқ манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақиятлар тиладилар.
Учрашув сўнгида нуроний онахонга эзгу тилаклар билдирилиб, Рамазон ойининг фазилатлари, меҳр-оқибат ва саховат каби улуғ неъматлари ҳақида суҳбат қилинди. Бундай хайрли ташрифлар жамиятда ўзаро меҳр-мурувват, ҳурмат ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги Матбуот хизмати