1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Салавот айтайлик

21-02-2026, 15:34 117 Ўқиш режими + -
Ҳафтанинг жумъа куни муборак кундир. Бу кунда барчамиз Муҳаммад (с.а.в.) га салом ва салавот айтамиз. Шариатимизда “Қуръони карим” тиловати, Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз (с.а.в)га салавот айтиш савобли ишлардан ҳисобланади.
 Салавот айтиш илоҳий амрдир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади:“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб сураси, 56-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг қадр-қимматлари Ўз ҳузурида қанчалар улуғ эканлигини таъкидламоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбар (с.а.в.)га салавот айтишни буюрмоқда” дейилади. Ва яна тафсирда “Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салавот айтишининг маъноси, У зот (с.а.в.)га Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. Фаришталарнинг Пайғамбаримиз (с.а.в)га салавот айтишлари У зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар (с.а.в.) га салавот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир ” дейилади.
 
Пайғамбаримиз (с.а.в.) га салом ва салавот айтиш инсонни Аллоҳ таолонинг салавоти ва саломига сазавор қилади. Абу Талҳа разияллоҳу  анҳудан ривоят қилади “ Бир куни Пайғамбар (с.а.в) юзларида қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:“Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?” дедик. Ул зот (с.а.в): “Чунки ҳузуримга фаришта келиб: “Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: “Ким сенга салавот айтса, албата, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайди?” деб хабар бердилар. Ва яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз (с.а.в.):  “Мен кимни ҳузурида зикр қилинсам , бас менга саловот айтсин! Бас ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн бор саловот айтади”, дедилар. 
 
Салавот айтиш фаришталарнинг дуоларига сабабчи бўлади. Омир бин Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар (с.а.в): “Бирор банда менга саловот айтар экан, фаришталар ҳам унга саловот айтишади. Гарчи у оз бўлсин, ҳоҳ кўп бўлсин”, дедилар. 
 
Салавот айтиш уммат учун сирот кўпригида нур бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар (с.а.в):  “Менга айтилган саловот сиротда нурдир. Ким менга жума куни саксон марта саловот айтса, саксон йиллик гуноҳи кечирилади”, дедилар. 
 
Салавот айтиш билан банданинг дуо ва ибодатлари Аллоҳнинг даргоҳида мақбул бўлади. Имом Шофиъий: “ Ташаҳҳудда Пайғамбар (с.а.в.)га салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди” дедилар. 
Салавот айтиш инсон учун закот (поклик) дир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар (с.а.в.): “Менга саловот айтинглар, чунки менга йўллаган саловотингиз, ўзингиз учун закотдир (яни покликдир)”, дедилар. 
   
 
Бир жойда Пайғамбаримиз (с.а.в.) номлари зикр қилинсада ўша ўринда У зотга салавот айтмаган киши бахил ҳисобланади. Имом термизий ривоят қилган ҳадиси-шарифда: “Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир” деганлар.  
 
Жумъа куни салавот айтишни кўпайтирамиз. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар (с.а.в): “Жума куни менга саловот айтишни кўпайтиринглар, чунки у гувоҳликка ўтадиган кундир, малоикалар ҳам гувоҳлик берурлар. Агар бирор кимса менга саловат айтса, уни менга кўрсатилади, ҳаттоки ундан фориғ бўлгунига қадар”, дедилар. 
 
Пайғамбаримиз (с.а.в.)га кўп салавот айтиш билан У зотга яқин бўламиз.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта. менга кўп салавот айтганлардир” ( Имом Термизий ривояти) дейдилар. 
 
Аллоҳ таоло барчамизнинг айтаётган салавот-у,  саломларимизни Ўзининг севикли бандаси Муҳаммад (с.а.в.) га еткарсин ва барчамизга икки дунё саодатини ато қилсин!  
 
РуҳиддинАкбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими