Ислом динида рўза тутиш диннинг бир устуни ҳисобланади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга бу фарзни Рамазон ойида адо қилишга буюргандир.
Бу ҳақда “Қуръони карим”да:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ.
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси 183-оят).
Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақводорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти. Шубҳа йўқки, комил адо этилган рўза ибодати мусулмонни ахлоқан ва маънан юксак мақомга-тақво мақомига етказади”дейилади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ ... فَقَالَ:"اعْبُدُوا رَبَّكُمْ، وَصَلُّوا خَمْسَكُمْ، وَصُومُوا شَهْرَكُمْ، وَأَدُّوا زَكَاةَ أَمْوَالِكُمْ طَيِّبَةٌ بِهَا أَنْفُسُكُمْ تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ
Абу Умома розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда:
“Роббиларингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозларингизни адо қилинглар, Рамазон ойида рўзаларингизни тутинглар ва кўнгилдан чиқариб молларингиз закотини беринглар. Шунда Роббиларингиз жаннатига кирасизлар”, дедилар”. ( Имом Бухорий ривояти)
Хўш, Рамазон ойида тутиладиган рўзанинг нечта фарзи бор?
Рамазон ойида тутиладиган рўзанинг учта фарзи бор. Улар қуйидагилар:
- Ният;
- Ейиш-ичишдан тийилиш;
- 3. Эркак ва аёлнинг шаҳвоний яқинлигидан тийилиш.
Рамазон рўзасини бизга фарз қилганАллоҳ таоло ҳамду-сано, рўза тутиш йўлларини ўргатган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва саловотлар бўлсин!
Аллоҳ таоло тутаётган Рамазон рўзаларимизни Ўз даргоҳи мақбул айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими