Маълумки, Мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олиш, улар билан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида бир гуруҳ таниқли уламолар ва имом-хатиблар хизмат сафарига йўл олган эди.
Айни пайтда, Шаҳрисабз шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди имом-хатиби Акмал қори Низомов айни вақтда Жанубий Корея Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида у Мокпо шаҳрида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқаролар билан учрашувлар ўтказмоқда. Ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад — ватандошларимизга Рамазон ойини кўтаринки руҳда, ибодат ва эзгу амалларга бой тарзда ўтказишларига кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг диний саводхонлигини оширишдан иборат.
Суҳбатлар давомида рўза тутишнинг фазилатлари, таровиҳ намози, сабр-қаноат, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат масалалари кенг ёритилмоқда. Шу билан бирга, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилмоқда, амалий тавсиялар тақдим этилмоқда.
Бундай маънавий-маърифий учрашувлар хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг юксак маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва Ватан билан боғлиқлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги

