1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Рамазон-эзгулик, меҳр-мурувват ойи

24-02-2026, 09:32 143 Ўқиш режими + -
Ҳар йили Рамазон ойи юртимизга ўзгача таравот, ўзгача шукуҳ билан кириб келади. Бу йилги Рамазон ойининг ҳам кириб келишида Юртбошимизнинг Ўзбекистон халқига қилган табриклари барчамиз учун нур устига аъло нур бўлди десак, адашмаган бўламиз. Юртбошимизнинг табригида: “ Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи-моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман. Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат. хонадонларингизга тинчлик ва фаравонлик тилайман” дейилади. Рамазони шариф бошланишида Давлатимиз раҳбарининг Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини қўшимча қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарор қабул қилдилар. Бу қарор юртимизда кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат мамалакатимиз давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигига далолат қилади. 
Барчамизга маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в) инсонларга эзгулик қилишни севадиган, уларга меҳр-мурувват кўрсатишга ҳаракат қиладиган инсон эдилар. Шундай бўлишларига қарамай Рамазон ойи кириши билан янада мурувватли бўлиб кетар эдилар. Эзгу амаллар, меҳр-мурувват  нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло меҳр-мурувватни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, уларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик  етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи  хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).
Эзгулик, меҳр-мурувват бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгисидир. Бу ҳақда ўз даврида  Алишер Навоий бобомиз шундай деган эдилар:
Буки санга Тенгри ато айлади,
Қисм карам бирла сахо айлади.
Жуду мурувват чоғи бухл этмагил,
Шукр замони доғи бухл этмагил.
Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Эзгу амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган меҳр-мурувват, сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини улуғларимиз таъкидлашади. Имом Ғаззолий: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, меҳр-мурувват эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Меҳр-мурувват ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни меҳр-мурувват билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан  меҳр-мурувват пайдо бўлади”дейди. 
Ислом тарихидаги улуғ шахслардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак оддий бир боғбоннинг ўғли бўлиб, ўзининг саъй-ҳаракатлари ва меҳнатининг эвазига жуда бой-бадавлат бўлган экан. У зот ақлли, диёнатли, зуҳду тақвога таянган, сермулоҳаза, охиратни ўйлаб иш кўрадиган инсон бўлиб, унинг мақсади молу-дунёсини Аллоҳ розилигида хайрия ишлар ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Улар доимо атрофдагиларга, кўшниларга, етимларга, ночорларга, камбағал ва мискинларга ёрдам берардилар. 
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан аввал камбағал қўшниларининг болаларига таом бериб, мурувват кўрсатар эди, фарзандларини кийинтирмасдан олдин яҳудий қўшниларининг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: “Ҳовлингни бизга сот”, дейишди. Шунда яҳудий: “Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида, унинг нархи минг динор, кейинги минг динор эса эзгу амаллар қилувчи, меҳр-мурувватли Абдуллоҳ ибн Муборакка қўшни бўлганим учун”, деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазонойида қилинган садақадир”,  деганлар. Бу йилги Рамазони ойида Қашқадарё вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар эҳтиёжманд хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли ҳолидан хабар олишмоқда. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарурий воситалардан иборат Рамазон ҳадялари топширилиб, самимий суҳбатлар ўтказилаяпти. Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиш катта савобларга сабаб бўлади.  Ҳадисда: “У  (Рамазон) ойида ким бирор-бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, дейилади. Ва яна бошқа ҳадисда эса: “Бир биродаримнинг ҳожатини (раво қилиб) юришим мен учун мана бу масжидда (Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда қадамини собит қилади” (Имом Табароний ривояти).  Бундай эзгу ишлар Рамазон ойининг инсонпарварлик, меҳр-мурувват  каби фазилатларини яна бир бор намоён этади. Динимиз таълимотларида тарғиб этилган эзгулик ва бағрикенглик тамойиллари амалда ўз ифодасини топади. Эътиборлиси, мазкур хайрли тадбирлар Рамазон ойи давомида изчил равишда давом эттирилади. Бу каби эзгу амаллар жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, инсон қадрини улуғлашга қаратилган зайрли ишлар сифатида аҳамият касб этади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли розилигини таъминлаш — барча ислоҳотларимизнинг бош мақсадидир”. Ушбу ғоялар асосида амалга оширилаётган эзгу тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлайди.         
Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган эзгу  амалларимизни, меҳр-мурувватларимизни Ўз даргоҳида мақбул айлаб, барчамизни икки дунё саодатига мушарраф қилсин!
                                  
Раҳматилло домла Усмонов, 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби, Уламолар Кенгаши аъзоси