Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан юртимизда хайрли ва савобли ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, имом-хатиблар эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлиб, улар учун ифторлик дастурхонлари ташкил этмоқдалар.
Хусусан, вилоятимиздаги масжид имом-хатиблари кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг хонадонларида самимий ифторликлар уюштирмоқда. Бундай хайрли тадбирлар орқали нафақат дастурхон тузалмоқда, балки кўнгиллар ҳам обод бўлмоқда.
Ифторлик давомида имом-хатиблар Рамазон ойининг фазилатлари, сабр-тоқат, шукроналик ва ўзаро меҳр-оқибатнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлар ўтказиб, оилаларга маънавий кўмак беришмоқда. Эҳтиёжманд хонадон аъзолари эса бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдиришмоқда.
Албатта, Рамазон — саховат ва бағрикенглик ойи. Бу каби савобли ишлар жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббатни оширишга хизмат қилади.
Яратган ушбу муборак ойда амалга оширилаётган барча эзгу ишларимизни даргоҳида қабул айласин.






ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати.