Закот Ислом динининг устунларидан бири бўлиб, уни адо қилишга катта эътибор берилади. Хўш, “закот” сўзи нима маънони англатади?
“Закот” сўзи луғатда “поклаш”, “улуғлаш” деган маъноларни англатади. Унинг истилоҳий маъноси эса қуйидагича: “Белгиланган моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган мўайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш закот дейилади”.Закот-бу бадавлат мусулмонларнинг бойликлари ичидаги фақиру мискинларга берилиши шарт бўлган Аллоҳнинг ҳаққидир.
Ислом таълимотига кўра, инсонлар томонидан бериладиган садақа(хайру-эҳсон) икки хил бўлади. Уларнинг биринчиси берилиши жиҳатидан мажбурий садақа (хайру-эҳсон) ва иккинчиси эса ихтиёрий садақа (хайру-эҳсон)дир. Закот берилиши шарт бўлган мажбурий садақа (хайру-эҳсон)лар сирасига киради. Закот берилиши шарт бўлган мажбурий садақа бўлибгина қолмасдан, у молиявий ибодатдир. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бериш туфайли молга барака киради ва мол кўпаяди.
Ислом шариатида закотнинг фарзлигини инкор қилган киши диндан чиқади. Аммо унинг фарзлигини эътироф этса-ю лекин амалда бажармаса гуноҳкор бўлади.
Закот –Исломнинг беш фарз арконларидан биридир. Унинг фарз эканлиги қуръон ва ҳадислар орқали собит бўлган. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади:“(Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва пайғамбарга итоат қилинглар. Шояд, раҳм қилинсангиз” ( Нур сураси, 56-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатлари билан фарз бўлган мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган, яъни бир овоздан “закот фарз” деб айтишган. Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини-Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилишнинг йўлларидан бири закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисодни ҳал қилиишдаги бир омил қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масалда ўз ечимини осонгина топган бўлади”
Абу Абдирраҳмон Абдиллаҳ бин Умар бин ал-Хаттоб (р.а) шундай дедилар: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шундай деганларни эшитганман: “Ислом беш нарсани устига қурилгандир:
-Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад(с.а.в.) Аллоҳнинг пайғамбари, деб шоҳидлик бермоқ;
-Намоз ўқимоқ; -Закот бермоқ; -Каъбатиллоҳга ҳажга бормоқ; -Рамазон ойида рўза тутмоқ” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳозирги муборак Рамазон ойларида закот бериш хайрли ишлардандир. Маълумки, моли нисобга етган ҳар бир киши бир йилда бир марта закот беради. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати 2026 йилги фитр-садақа, фидя ва закот нисоби бўйича қуйидагиларни маълум қилди: “Закот нисоби. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000 (юз миллион) сўм деб белгилади. Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000 (юз миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир. Фитр садақаси миқдори. Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди: ≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм; ≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм; ≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм; ≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм; ≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади. Фидя миқдори. Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради”.
Закот берган кишининг моли покланади, кўпаяди аммо ҳеч ҳам камаймайди. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.): “Уч муҳим нарса ҳақида сўзлаяпман, уни хотирангизда сақланглар:
- Садақа(закот) берган билан молу –дунё камайиб қолмас;
- Бир банда зулм кўрган бўлса ва сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат ва ҳурматини зиёда қилади;
- Бирор банда тиланчилик эшигини очса, унга Аллоҳ камбағаллик эшигини очиб юборади” (Имом Термизий ривояти) дедилар.
Ушбу муборак Рамазон ойида бераётган закот, фитр садақа, фидяларимизни Аллоҳ таоло ижобат айлаб, ажру-савоблар ато қилсин!
Муҳаммади Қораев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакили ўринбосари