Инсон қаерда яшамасин, унинг қалбида Ватан деган бир муқаддас туйғу яшайди. У туйғу — болалик хотиралари, она алласи, тупроқ ҳиди ва ота дуоси билан боғлиқ.
Четда туриб юрт ҳақида гапириш осон. Аммо ҳар бир айтилган сўз — омонат. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларида сўзнинг масъулияти ва фитнанинг оғир оқибати ҳақида огоҳлантирилган. “Фитна уйқудадир, уни (ухлаб ётган фитнани) уйғотган кишига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин,”.
Бобокалонимиз Алишер Навоий бирлик ва вафони энг олий фазилат деб билган. Чунки бир танадек жипс миллатни ҳеч қандай бўҳтон енголмайди.
Албатта, дард бўлса, уни айтмоқ керак. Аммо дардни давога айлантириш учун меҳр ва ҳикмат лозим. Оловни олов билан ўчириб бўлмаганидек, аламни алам билан даволаб бўлмайди.
Ватан — омонат. Уни асраш фақат қурол билан эмас, яхши сўз, холис ният ва сабр билан ҳам бўлади. Қайси юртда яшашимиздан қатъи назар, юртимизга нисбатан қалбимизда эҳтиром, тилларимизда эзгу сўз бўлсин.
Келинг, фитна эмас, фазилат тарқатайлик. Айб эмас, ечим излайлик. Адоват эмас, дуо қилайлик.
Азамат Усмонов