1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Рамазон- мағфират ойи

2-03-2026, 12:34 70 Ўқиш режими + -
Рамазон ойи дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак.
Рўза руҳнинг озуқаси, қалб осилишининг энг буюк омили. Ҳам жасадга ҳам руҳга фойдалидир. Инсонлар рўза туфайли нафсларига ҳоким бўлишга интиладилар. Бошқа ибодатлар эса, нафсини жиловлашга асосий ёрдамчилардир, зеро, фақат рўза билангина нафсни идора қилиб бўлмайди. Рўза-руҳга маънавий озуқа беради, инсонни малакут оламига етказади. Ҳақ таолонинг пинҳоний марҳаматларига эриштиради.
Рўзадор киши руҳий покланишга эришади. Ақлини нафсидан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини ҳар хил шаҳватлардан тия олади. Қалбида бева-бечора, оч-наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.
Рўза қиёмат куни рўзадорларни шафоат қилиб: “Ё Роббим, булар сенинг розилигинг учун ейиш ва ичишни, шаҳватни тарк қилиб рўза тутдилар, буларни бизга бағишла!”-дейди.
Рўзанинг шафоати ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари каби рад этилмайди, қабул бўлиб, мағфирати илоҳийга ва жаннатга дохил бўлишга сабаб бўлади.
Ҳазрати Умома розияллоҳу анҳу:
-Эй расулуллоҳ, менга бир вазифа буюринг, дебди.
Рўза тутишда давом этинг, шубҳасиз, унинг савобининг тенги йўқдир, деб ул зот марҳамат қилганлар.
У киши такроран уч бор сўраганида ҳам, у зот “Рўза тутишда давом этинг, зеро, рўзанинг баҳоси йўқдир” дедилар. Шунинг учун Умоманин гуйида ўчоқ ёқилмасди. Фақат меҳмон келгандагина ўчоқларига олов ёнарди. Лекин рўзани ўз қоидасига мувофиқ тарзда тутишга диққат ва аҳамият бериш керак. Бундай тутилган рўз асоҳибини ҳам жаҳаннам оловидан қутқаради, ҳам жаннатга дохил қилади.
Рамазонда рўзадорга беш хислат берилдики, булар бошқа умматларнинг ҳеч бирига берилмаган:
1.Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан ҳам яхшироқдир.
2.Ифтор қилингунча фаришталар ҳам рўзадор учун истиғфор айтиб, унга мағфират талаб қиладилар.
3.Ҳақ таоло ҳар куни жаннатнинг зийнатини оширади.
4.Шайтонларнинг саркашлари банд этилади.
5.Охирги кечада бутун рўзадорлар мағфират қилинадилар.
Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўьмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.
Рўза Аллоҳ учундир. Рўзада урушиш, ёмон сўзлар айтиш эса инсонни у кутаётган, умид қилаётган савоблардан маҳрум қилади.
Рўзадор ейиш-ичишни, уйқу ва завқни, кундузи жинсий муносабатни тарк қилиши, ҳаммага самимий муҳаббат ва ёрдам кўрсатиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учундир.
Рамазон ойида мағфират кунлари бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг фарзи бўлган рўзани тутиб, кечалари ибодат ва дуо билан машғул бўлган одамларни Аллоҳ таоло фаришталарга кўрсатиб: “Эй фаришталар, мана бу бандаларимнини қаранглар, уларнинг дастурхонга қўл узатмасдан ўтиришлари очликка, ташналикка сабр қилишлари фақат менинг розилигимни топиш учундир. Сизлар гувоҳ бўлингларки, рамазон ойи менинг ойим бўлгани ва мен итоат қилган бандаларимга ўзим хоҳлаганимча, беҳисоб мукофотлар бераман, деб ваъда қилганим учун уларнинг барча гуноҳларини бугун мағфират қилдим”-дейди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда алоҳида бир эшик бўлиб, у Раййон (чанқоқлик йўқ) дейилади. Қиёмат куни бу эшикдан фақат рўза тутган кишиларгина кирадилар”.
Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан поклаб, қалб кўзларимиз очилишини, дунё ва охиратда баланд мартабаларга етишимизни насиб айласин!
 
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ
  ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби