Мана Рамазон ойи бошлаганга ҳам анча кун бўлди. Рамазон ойининг фазилати кўп бўлиб, унинг кириб келиши билан дўзах эшиклари ёпилиб, жаннатнинг эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд этилади», дедилар» ( Имом Бухорий ривояти).
Жаннатнинг эшиклари очиқ бўлгани биз мўмин-мусулмонларга солиҳ амал қилиш учун кўп имкониятлар берилганлигини англатади. Аллоҳ таолонинг розилиги учун кундуз кунлари рўза тутиб, кечалари ибодатда қоим бўлсак, иншааллоҳ, Аллоҳ таолонинг раҳмати, мағфиратини топиб, дўзах азобидан қутилиб қолишлик бахтига муяссар бўламиз.
Маълумки, жаннатнинг бир эшигининг номи Райён деб номланади. қиёмат куни бу эшикдан фақат рўзадорлар киради. Имом Бухорий ва Муслим Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар».
Аллоҳ таоло барчамизни жаннат эшиклари очилган ушбу ойда ибодатларимизни мақбул, гуноҳларимизни мағфират айлаб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!
Руҳиддин Акбаров,
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имоми
.