1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сўзинг ё дилга нур солсин, ёки сукутинг тилдан афзал бўлсин

6-03-2026, 20:11 197 Ўқиш режими + -
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонлар ўртасидаги мулоқотнинг энг кенг тарқалган воситаларидан бирига айланди. Улар орқали фикр алмашиш, ахборот тарқатиш ва турли масалаларни муҳокама қилиш имконияти кенг. Бироқ бу имкониятдан баъзан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Айниқса, айрим одамлар ижтимоий тармоқларда бошқаларни ҳақорат қилиш, таҳқирлаш ёки ёмон сўзлар билан мурожаат қилишни одат қилиб олган. Бу эса на ахлоқан, на диний жиҳатдан тўғри ҳисобланади.
Аввало, инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат қилиниши лозим. Бировни ҳақорат қилиш, уни камситиш ёки обрўсини туширишга қаратилган сўзлар айтиш катта гуноҳ ҳисобланади. Динимизда инсон тилига жуда катта масъулият юкланган. Чунки тилдан чиққан ҳар бир сўз инсоннинг амал дафтарига ёзилади. Шу сабабли мусулмон киши доимо яхши сўз айтишга, ёмон ва оғир гаплардан сақланишга ҳаракат қилиши керак.
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам тил ва сўз одоби ҳақида жуда чуқур ҳикматлар айтган. Унинг ҳикоятларидан бирида шундай маъно бор: Бир киши доимо одамлар ҳақида ёмон гаплар айтар, уларни масхара қилар эди. Бир куни у бир донишманднинг ҳузурига бориб, насиҳат сўради. Донишманд унга бир болишни ёриб, парларни шамолга сочиб юборишни буюрди. Киши шундай қилди. Кейин донишманд: “Энди сочилган барча парларни қайта йиғиб кел,” деди. Киши: “Бунинг иложи йўқ, шамол уларни ҳар томонга учириб кетди,” деди. Шунда донишманд: “Инсоннинг оғзидан чиққан ёмон сўзлар ҳам худди шу парлар каби — тарқалса, уни қайта йиғиб бўлмайди,” деди. Румий яна шундай дейди: “Сўзинг ё дилга нур солсин, ёки сукутинг тилдан афзал бўлсин.” Яна бир ҳикматда шундай дейилади: “Яхши гап айтолмасанг, сукут қил — сукут ҳам баъзан ҳикматдир.”
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқларда ёзилган ҳар бир гап нафақат ахлоқий, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам масъулият талаб қилади.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг тили — унинг қалбининг таржимонидир. Шунинг учун ҳар биримиз ижтимоий тармоқларда ҳам, ҳаётда ҳам сўзларимизни ўйлаб ишлатишимиз керак. Чунки яхши сўз қалбларни яқинлаштиради, ёмон сўз эса қалбларни узоқлаштиради. Маданиятли сўзлаш, ҳурмат ва одоб эса ҳар қандай жамиятнинг тинчлиги ва барқарорлигининг асосидир.

Алимардон КАРОМАТОВ, 
Касби туман “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби