13–14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли умумхалқ ҳашари ташкил этилмоқда. “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ўтказилаётган ушбу хайрия тадбирларида турли соҳа вакиллари қаторида диний соҳа вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилояти бўйлаб ҳам масжидларда имом-хатиблар, масжид ходимлари ва фидойи фуқаролар иштирокида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Масжид ҳудудларида дарахт ва манзарали кўчатлар экиш, атроф-муҳитни тозалаш, ҳовли ва йўлакларни супуриш, биноларни оқлаш каби ишлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, масжидларнинг ички ва ташқи ҳудудларида тозалик ва озодаликни таъминлаш, гулзорлар барпо этиш, мавжуд яшил ҳудудларни парвариш қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса масжидлар ҳудудининг янада кўркам ва обод бўлишига замин яратмоқда.
Айни пайтда ушбу умумхалқ ҳашари доирасида Вақф хайрия жамоат фонди тасарруфидаги барча зиёратгоҳларда ҳам ободонлаштириш ва тозалик ишлари кенг кўламда амалга оширилди. Зиёратгоҳлар ҳудудларини тартибга келтириш, атрофини тозалаш, кўчатлар экиш, гулзорлар барпо этиш ва мавжуд яшил майдонларни парвариш қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қашқадарё вилоятида ўтказилаётган мазкур ҳашар тадбирларида диний соҳа вакиллари жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда иштирок этиб, маҳаллаларни ободонлаштириш, атроф-муҳитни асраш ва тозаликни таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бу каби хайрли ташаббуслар аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва ободончилик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Матбуот хизмати