1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тортишув эмас, тушуниш муҳим

19-03-2026, 11:44 184 Ўқиш режими + -

Бугунги кунда одамлар орасида турли фикр ва қарашлар кўп. Айниқса, дин ҳақида гап кетганда, баъзан оддий суҳбат тортишувга айланиб кетади. Лекин шуни унутмаслик керак: тортишиш ҳеч қачон яхши натижа бермайди.

Ҳар бир инсоннинг эътиқоди ўзиники. Кимдир динни чуқур билади, кимдир эса камроқ тушунади. Бу табиий ҳол. Шунинг учун бировнинг фикрига қарши чиқиш ёки уни мажбурлаб ўзгартириш тўғри эмас.

Қуръонда ҳам бу ҳақда гўзал кўрсатма берилган: “Раббинг йўлига ҳикмат ва гўзал насиҳат билан даъват қил ва улар билан энг яхши усулда мунозара қил” (Наҳл сураси, 125-оят).
Бу оят бизга қаттиқ тортишув эмас, балки ҳикмат ва мулойимлик билан гапириш кераклигини ўргатади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ноҳақ бўла туриб, тортишувни тарк этса, унга жаннатнинг четидан (пастроқ жойидан) уй берилишига кафилман. Ким ҳақ бўла туриб, тортишувни тарк этса, унга жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг энг юқорисидан уй берилишига кафилман», дедилар».
Бу ҳадис тортишувдан қочиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатади.

Оддий ҳаётда ҳам кўрамиз: тортишган одамлар бир-бирини тушуниш ўрнига, янада узоқлашиб кетади. Гапни мулойимлик билан, ҳурмат билан айтилса эса, инсонлар бир-бирига яқинлашади.

Хулоса қилиб айтганда, тортишув эмас, тушуниш муҳим. Бир-биримизни ҳурмат қилсак, жамиятда тинчлик ва тотувлик бўлади.


Алимардон КАРОМАТОВ, 
Касби туман “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби