1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Сохта салафийлик”

27-03-2026, 09:05 174 Ўқиш режими + -
 “Салаф” сўзи араб тилида “олдин ўтган”, “аввал яшаган” деган маънони беради. Истилоҳий маъноси эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан кейин тахминан уч юз йил яшаб Ислом динига хизмат кўрсатган олимлар - “салафи солиҳинлар” тушунилади. 
Охирги пайтларда “салафи солиҳларга эргашиш”ни ниқоб қилиб Исломий жамиятларга Исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилувчи мутаассиб сохта салафий оқимлар кўп кузатилмоқда.  
Бу оқим вакиллари ўзлари учун 1263 – 1328 йилда яшаган Ибн Таймиянинг фикр ва қарашларини мослаштириб оладилар. Ибн Таймия ҳам ўз навбатида кескин ҳаракатлари туфайли тўрт марта зиндонга ташланган. Ўзи яшаган давр олимлари томонидан кўп танқид остига олинган. 
Ибн Таймиянинг фикрига кўра асрлар ўтиши билан Ислом динига турли бидъат ва хурофотлар кирган, уларни тозалаш зарур, бунинг учун жиҳод эълон қилиш керак, деган ғояни илгари сурган. Бу эса кейинги асрларда радикал сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишига катта замин яратган. 
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра Ислом беш аркондан иборат. Иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж амалини бажариш. Салафийлик оқимида олтинчи аркон ҳам киритилган. Бу - жиҳод. Уларнинг эътиқодида ҳар бир мусулмон киши учун жиҳод қилишлик фарзи айн. Пайғамбаримиз (с.а.в):  “Одамларнинг хайрлиси (энг яхшиси) менинг даврим (одамлари)дир, кейин уларга яқин бўлганлари, сўнгра уларга яқин бўлганларидир”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги “менинг даврим (одамлари)дир”дан мурод саҳобаи киромлар, “кейин уларга яқин бўлганлар”дан мурод тобеинлар ва “сўнгра уларга яқин бўлганлар”дан мурод эса табаа тобеинлардир.
Ислом уламолари юқоридаги ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ана шу илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар.
Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб то ҳозирги кунимизга қадар яшаб ўтган бирорта олим, фозил ёки авлиёга нисбатан “салафи солиҳ” деган атамани ишлатиш мумкин эмас. Ҳатто дастлабки уч асрда яшаб ўтган бўлсалар – да, хорижийлар, мўътазилалар, қадарийлар, жаҳмиялар ва бошқа фирқалар вакиллари ҳам “салафи солиҳлар”га кирмайдилар.
Кейинчалик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий ўн иккинчи асрда ана шу атамани Нажд минтақасида янгидан жонлантирди. Ушбу оқимнинг кейинги даврдаги энг кўзга кўринган вакиллари  Муҳаммад Носируддин Албоний, Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Усаймин, Яъқуб ал– Боҳисийн ва ҳоказолардир.
Ислом динидаги тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашган дин арбоблари салафийлик йўналишига қарши турадилар. 
 
 
     Боймурод Холмуродов 
Қарши тумани бош имом хатиби