Жорий йилнинг 6 апрель куни Қашқадарё вилоятида “Ҳаж–2026” мавсумида муқаддас сафарга йўл оладиган зиёратчилар билан ташкилий-амалий йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, соҳа мутахассислари, гуруҳ раҳбарлари, ташкилотчилар ҳамда зиёратчилар иштирок этди.
Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад — зиёратчиларни ҳаж амалларини мукаммал ва тўғри адо этишга тайёрлаш, сафар давомида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича тушунтиришлар бериш ҳамда уларнинг хавфсизлиги ва соғлигини таъминлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ҳаж ибодатининг ҳар бир босқичи, унинг фарз ва суннат амаллари, шунингдек, муқаддас жойларда ўзини тутиш одоблари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Айниқса, жамоа бўлиб ҳаракатланиш, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш ва гуруҳ раҳбарлари кўрсатмаларига амал қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Саудия Арабистонида амал қиладиган қонун-қоидалар, миграция ва божхона талаблари, санитария-гигиена меъёрлари ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Зиёратчиларга ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, сафар олдидан тиббий кўрикдан ўтиш ва зарур эмлаш тадбирларини амалга ошириш бўйича аниқ йўриқномалар берилди.
Йиғилишда маънавий-тарбиявий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зиёратчиларни бағрикенглик, сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик руҳида ҳаракат қилишга чақирилди. Ҳаж ибодатининг нафақат амалий, балки маънавий аҳамияти кенг ёритиб берилди.
Якунда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олиб, сафарга тайёргарлик жараёнлари юзасидан муҳим маълумотларга эга бўлдилар.