Баъзида айрим кишиларнинг янги машина олса ёки темирчилик билан боғлиқ бирор ишни бошласа “Ҳазрат Довуд”га атаб жонлиқ сўймоқчиман деганларини эшитиб қоламиз.
Аслида, Ислом динида “Ҳазрат Довуд”га атаб жонлиқ сўйиш мумкин эмас. Чунки Ислом дини мўмин-мусулмонларни Аллоҳ таолодан бошқага атаб жонлиқ сўйишдан қайтаради. Аллоҳ таолодан бошқага атаб жонлиқ сўйиш шариатда ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақда “Қуръони карим”да Аллоҳ таоло: “У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди...” (Бақара сураси,173-оят) дейди. Ушбу оятнинг тафсирида шундай дейилади:“Аллоҳ таоло фарзларни буюрди, уларни зое қилиш мумкин эмас. Чегараларни белгилади, улардан ўтиш жоиз эмас. Баъзи нарсаларни ҳаром қилди, уларни енгил санаш мумкин эмас. Мусулмон киши киши айниқса, халқумидан ўтадиган таомларнинг ҳалол бўлишига эътибор бериши лозим. Аллоҳ таоло азза ва жалла мусулмонларга ўзи ўлган ҳайвон гўштини,қонни, тўнғиз гўштини, Ўзининг номидан бошқага атаб сўйилган ҳайвонларни ҳаром қилган”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишдан қайтариб шундай деганлар: “Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!”. ( Имом Муслим ривояти).
Шу сабабли Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан бошқага атаб жонлиқ сўйишдан қайтариб, Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими