Ислом дини Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳақ диндир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир[1]”. Ушбу оятнинг тафсирида: “ “Ислом” ўзбек тилида “тинчлик деган маънони англатади. Ислом дини ўз исмига муносиб одамларни тинчлик, адолат. яхшилик. эҳсон. раҳмдиллик, меҳр-шафқат. эзгуликка буюради. Бу дин инсонларни, зулм, истибдод, фитна-фасод. ёмонлик, душманлик, бузғунчилик. тажовузкорликдан қайтаради[2]” Ислом динининг пайдо бўлиши инсониятнинг илк яратилиш даврига яъни Одам алайҳиссаломга бориб тақалади. Исломнинг пайдо бўлиши ҳақида шундай дейилади: “Исломнинг пайдо бўлиши Одам алайҳиссаломдан бошланади, чунки инсониятнинг бошланиши Одам алайҳиссалом бўлиб, у зот биринчи набий-пайғамбар ҳисобланадилар. Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг зурриётлари бўлмиш бошқа пайғамбарлар эса инсоният тарихининг, бинобарин, Ислом тарихининг асоси саналади[3]”. Ислом дини Одам Атодан бошланиб, у зот зурриётларидан бўлган пайғамбарлари орқали охир замон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламгача етиб келди. Ислом дини Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалам орқали Арабистон ярим оролида тарқалди. Тарихнинг мана шу даврида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам исломий жамият туздилар. У зот илк исломий давлат тузиб. ўзлари унга раҳбарлик қилдилар. Ислом дини пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам давриларида ва хулофаи –рошидинлар даврида ҳар томонлама ривожланди.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими
[1] Қуръони карим. Оли Имрон сураси. 19-оят. [2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Тошкент. 2019. “Шарқ нашриёти”. Оли Имрон сураси, 285-бет. [3] Шайх. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи.. Тошкент. 2018. “Ҳилол-Нашр” нашриёти. 1-китоб. 10-бет.