1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Энг мўъжаз сура

30-06-2026, 10:13 236 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолонинг китоби “Қуръони карим” Пайғамбаримиз (с.а.в.)га берилган мўжизадир. Ундаги ҳар бир сура, ҳар бир оят битмас-туганмас хазина, инсоният учун улкан бойлик ҳисобланади. Бу хазина, бойлик учун қанча шукр қилсак. шунча кам.
“Қуръони карим”даги энг мўъжаз сура бу “кавсар” сураси бўлиб,  у уч оятдан иборат.
                                 Бисмиллаҳирроҳманирроҳим 
  1. (Эй Муҳаммад), Биз сизга Кавсарни ато этдик.
  2. Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг.
  3. Албатта, ғанимларингизнинг ўзи маҳрумдир. 
Ушбу суранинг тафсирида шундай дейилади:“Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги “Ал-кавсар” сўзидан олингандир. “Кавсар” сўзи луғатда “кўп яхшилик” маъносини англатади. Арабларда сон жиҳатидан, қадр-қиймат жиҳатидан ва аҳамият жиҳатидан кўп бўлган нарсага “кавсар” дейилади. Ушбу сурадаги “Кавсар”дан мурод Аллоҳу субҳанаҳу ва таоло томонидан Пайғамбаримиз (с.а.в.)га икки дунёда берилган кўп яхшиликлардир. Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар зик қилинади: “Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан, тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин,қордан оқдир. Ким ундан бир ичса, кейин абадий чанқамайди”. Яна тафсирда: “Қуръони каримдаги энг ихчам бу сурада Пайғамбар (с.а.в.)га хитоб қилиниб, Аллоҳ таоло у кишига ато этган буюк неъмат-жаннатдаги Кавсар ҳовузи зикр   этилади ва ана шундай илоҳий мукофотга эришишнинг барча воситалари, яъни Қуръон,пайғамбарлик ато этилгани таъкидланади. Сўнгги оятда эса ким Пайғамбар (с.а.а)ни ёмон кўриб душманлик қилса, ўша кимса беному нишон йўқ бўлиб кетиши ҳақида башорат берилади” дейилади.     
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик, шунда бироз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум ила бошларини кўтардилар.
Биз: "Сизни нима кулдирди, ё Аллоҳнинг Расули?", дедик. 
"Менга ҳозиргина бир сура туширилди", деб: "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнакал Кавсар" сурасини қироат қилдилар.
Сўнгра: "Кавсар нималигини биласизларми?" дедилар."Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир", дедик. (У зот): "У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган дарёдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича" дедилар. (Имом Термизий, имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни идишларининг сони юлдузларча бўлган “Кавсар” ҳовузидан сув ичишга муваффақ қилсин! 
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими