1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Оила – инсоний жамият тамалидир

3-07-2026, 09:36 132 Ўқиш режими + -

«Оила тинч — юрт тинч, оила мустаҳкам — жамият мустаҳкам».
Оила инсон ҳаётидаги энг муқаддас маскан, меҳр-муҳаббат, тарбия ва маънавият бешигидир. Ҳар бир инсоннинг камол топиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши, аввало, оилада олган тарбиясига боғлиқ. Шу боис мустаҳкам оила нафақат унинг аъзолари, балки бутун жамият тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Инсоният ҳаёти азалдан оила асосига қурилган ва оила қадриятлари негизида шаклланган.
Мустаҳкам оиланинг асосий пойдевори — ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр-оқибат ва масъулиятдир. Эр-хотин бир-бирини тушуниб, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларни ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтса, оилада тинчлик ва барқарорлик ҳукм суради. Оиладаги соғлом муҳит фарзандларнинг маънавий ва жисмоний камолоти учун энг қулай шароитни яратади.
Ҳадисларда ҳам оилага меҳр-оқибат билан муносабатда бўлиш юксак фазилат сифатида таъкидланган. Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар:
«Мўминларнинг иймон жиҳатидан энг комили — ахлоқи энг гўзали ва аҳли оиласига энг меҳрибон бўлганидир». («Саҳиҳи Бухорий»)
Ўзбек халқи азалдан оилани муқаддас ва муборак даргоҳ сифатида эъзозлаб келган. Бу даргоҳга завол етмаслиги учун бор меҳнати ва маҳоратини сарф этган. Оилани оқилона бошқариш, фарзандларни халққа ва Ватанга муносиб инсонлар этиб тарбиялаш жамият тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Зеро, соғлом оила — соғлом жамият тамалидир.
Бу тамал, аввало, никоҳ арафасидаги ёшларни оилавий ҳаётга пухта тайёрлашдан бошланади. Афсуски, бугунги кунда арзимас сабаблар туфайли яхши ниятлар билан қурилган айрим оилаларда ажримлар юз бермоқда. Бунинг оқибатида эса бегубор фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда.
Маҳаллаларда ва оилаларда олиб борилаётган суҳбатлар ҳамда кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай келишмовчиликларнинг асосий сабаблари ёшларнинг оила қуришга руҳан тайёр эмаслиги, ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат, муроса ва масъулият туйғусининг етарли даражада шаклланмаганидир. Айрим ёшлар оила қуришни фақат тўй маросими, чиройли кийиниш ёки миллий қадриятларимиз ва маънавиятимизга мос келмайдиган турли тадбирлар билан боғлаб тушунадилар. Аслида эса оила — бутун умр давом этадиган муқаддас масъулиятдир.
Биз ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнида уларга фақат чирой ва бойлик бахтли турмуш учун етарли эмаслигини, мустаҳкам оила қуриш учун сабр, шукр, хушмуомалалик, катталарни ҳурмат қилиш, бир-бирига меҳр ва садоқат билан муносабатда бўлиш зарурлигини тушунтиришимиз лозим.
Ота-оналар ҳам бу масалага жиддий ёндашишлари керак. Улар бир кунлик тўй дабдабасини эмас, балки фарзандларининг бутун умрлик бахтли ҳаётини ўйлашлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, оила — бахтли ҳаёт гарови, баркамол авлод тарбиясининг асоси ва жамият тараққиётининг муҳим омилидир. Ҳар биримиз оиламиз тинчлиги, тотувлиги ва фаровонлиги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак. Зеро, оилалар мустаҳкам бўлса, жамият ҳам мустаҳкам бўлади.

Анора Эркаева,
Қамаши тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари