1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қизлар тарбиясида оналарнинг ўрни

3-07-2026, 09:42 113 Ўқиш режими + -

Барчамизга маълумки, тинч ва осойишта юртда бахтли ҳаёт кечираётган бўлсак-да, ўсиб келаётган ёшлар ўртасида айрим оғриқли муаммолар учраб турибди. Ана шундай масалалардан бири — муҳтарама оналаримиз билан келажагимиз эгалари бўлган қизларимиз ўртасидаги тарбия ва муносабат масаласидир.
Оналар қизларига аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган одоб-ахлоқ, панд-насиҳат ва ҳаётий тажрибаларни ўргатишлари лозим. Халқимизда: «Онасини кўриб қизини ол, молини кўриб бузоғини ол», деган ҳикматли мақол бежиз айтилмаган. Чунки фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёсдир.
Афсуски, айрим оналаримиз эгаллаб турган лавозими, яшаш шароити ёки мансабидан келиб чиқиб, фарзандларини сабр ўрнига кибрга, шукр ўрнига ғурур ва манманликка ўргатиб қўяётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Аслида мусулмон оиласида тарбия топган инсон учун кибр ва манманлик мутлақо ярашмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлари давомида ҳеч қачон кибр ва ғурурга йўл қўймаганлар. У зотнинг муборак аҳли аёллари — Ҳазрати Хадижа (розияллоҳу анҳо), Ҳазрати Ойша (розияллоҳу анҳо) ва Ҳазрати Фотима (розияллоҳу анҳо) ҳам оқила, солиҳа, ҳаёли ва ибодатли аёллар сифатида барчага ибрат бўлганлар.
Азиз онажонлар! Фарзанд ота-онасидан энг кучли намуна олади. Шунинг учун халқимиз: «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтмаган. Агар қиз фарзанд кибр ва манманлик муҳитида улғайса, у ҳам атрофдагиларни менсимайдиган, жамиятдан узоқлашган инсон бўлиб вояга етиши мумкин.
Дунёвий ва диний илмли, маънавияти юксак оилада тарбия топган фарзанд эса, энг аввало, Аллоҳни танийди, одоб-ахлоқи билан эл-юртга, ота-онасига муносиб инсон бўлиб камол топади. Бундай муҳитда ўсган қиз ақлли, фаросатли ва ҳаётга тайёр бўлади.
Қизларимизга она уйидан ҳаёт учун зарур бўлган барча тарбияни беришимиз керак. Уларга оиланинг муқаддаслиги, муомала маданияти, рўзғор ишларини эпчиллик билан бажариш, эр олдидаги масъулияти, қайнона-келин муносабатлари, сабр-тоқат ва оилавий қадриятларни ўргатиш лозим.
Энг аввало, қиз тарбиялаётган оналар фарзандига вазиятга қараб ҳам она, ҳам опа-сингил, ҳам сирдош дўст бўла олишлари керак. Қизларимизга ҳеч қачон босим ўтказмасдан, уларнинг қалби, ички кечинмалари, қизиқишлари ва дунёқарашини тушунишга ҳаракат қилайлик. Меҳр ва мулойимлик билан одоб-ахлоқ, ҳурмат, иззат, илм олишга интилиш, сабр ва шукр каби юксак фазилатларни сингдирайлик.
Шундагина қизларимиз камолга етган, жамиятга наф келтирадиган, борган хонадонини обод қиладиган, оқила рафиқа, меҳрибон она, қайнота-қайнонасининг дуосини оладиган келин ва ота-онасига раҳмат келтирадиган солиҳа қиз бўлиб етишади.
Афсуски, айрим ҳолларда баъзи қизларимиз итоатсизлик, ялқовлик, масъулиятсизлик ёки тарбиядаги камчиликлар сабабли ота-онасига ташвиш келтиради. Кейинчалик турмуш қургач ҳам ҳурматсизлик, қўпол муомала ва муросасизлик туфайли айрим оилалар пароканда бўлиб, ажримлар кўпаймоқда. Бунинг энг оғир оқибати эса фарзандларнинг тирик етим бўлиб қолишидир.
Азиз онажонлар! Балоғат ёшидаги қизларимизнинг ички кечинмаларига, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига, вақтни қандай ўтказаётганига бефарқ бўлмайлик. Улар билан меҳр-оқибат ва сабр билан муомала қилиб, ўзаро ишонч ва самимий муносабатни мустаҳкамлайлик. Қиз фарзанд ота-она учун жаннат калити эканини доимо ёдда тутайлик.
Меҳри дунёларга тенг онажонларимиз ва маъсума қизларимиз Ўзбегимизнинг муносиб Ўзбекойимлари бўлиб, ҳар соҳада ибрат ва намуна бўлишсин. Аллоҳ таоло ато этган беҳисоб неъматларга шукр қилишни, эриша олмаган нарсаларимиз учун эса сабр қилишни ўрганайлик. Зеро, ҳақиқий бахт ва саодат сабр ҳамда шукрдадир.

Умарова Маҳбуба
Қарши тумани «Мевазор» МФЙ отинойиси