Аҳл оила қандай бўлиши керак?
Оила — инсон ҳаётининг энг муқаддас даргоҳи, меҳр-муҳаббат, тарбия ва маънавият масканидир. Инсоннинг бахти, фарзандларнинг камолоти ва жамиятнинг барқарорлиги, аввало, оиланинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам халқимиз: «Оила тинч — юрт тинч, оила мустаҳкам — жамият мустаҳкам», деб бежиз айтмаган.
Аҳл оила, аввало, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб яшайдиган, бир-бирига меҳр-оқибат, ҳурмат ва ишонч билан муносабатда бўладиган инсонлардан иборат бўлиши лозим. Эр оиланинг раҳбари ва таянчи бўлса, аёл хонадоннинг файзи, тарбиячиси ва баракасидир. Иккаласи ҳам ўз бурч ва масъулиятини адо этса, хонадонда бахт, хотиржамлик ва барака қарор топади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилганлар:
«Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳлига энг яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен ҳам аҳлимга энг яхши муносабатда бўлганингизман».
Демак, инсоннинг ҳақиқий фазилати унинг ўз оиласига бўлган муносабати билан ҳам намоён бўлади.
Аҳл оилада ўзаро ҳурмат ва ширин муомала устувор бўлиши керак. Қўпол сўз, ҳақорат ва жанжал ўрнига сабр, кечиримлилик ва муроса ҳукм сурса, оила мустаҳкам бўлади. Чунки сабр бор жойда барака, меҳр бор жойда бахт бўлади.
Фарзанд тарбияси ҳам аҳл оиланинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Ота-она фарзандига нафақат озиқ-овқат ва кийим-кечак, балки одоб-ахлоқ, иймон, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва Ватанга муҳаббат каби юксак фазилатларни ҳам ўргатиши лозим. Зеро, фарзанд ота-онасининг энг буюк амонатидир.
Айниқса, қиз фарзандларга ҳаё, иффат, поклик, катталарга ҳурмат ва рўзғор тутуш маданиятини, ўғил фарзандларга эса масъулият, ҳалол меҳнат, оилани асраш ва аёлни қадрлаш туйғуларини сингдириш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Аҳл оила бир-бирининг камчилигини эмас, яхши фазилатларини кўришга ҳаракат қилиши керак. Ҳар қандай келишмовчиликни ақл, сабр ва мулойимлик билан ҳал қилишга интилиш лозим. Чунки жанжал билан эмас, меҳр ва ҳурмат билан қурилган оила узоқ умр кўради.
Бугунги кунда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларга никоҳнинг муқаддаслигини, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш ҳар бир ота-она, устоз ва жамиятнинг муҳим вазифасидир.
Хулоса қилиб айтганда, аҳл оила иймонли, ҳалол, меҳрибон, сабрли ва бир-бирига суянч бўладиган инсонлардан ташкил топиши лозим. Ана шундай оилаларда тарбия топган фарзандлар келажакда Ватанимизга садоқатли, халқимизга фойдали ва маънавияти юксак инсонлар бўлиб етишади.
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларга тотувлик, меҳр-оқибат, барака ва саодат ато этсин. Фарзандларимизни солиҳ ва солиҳа қилиб вояга етказишни барчамизга насиб этсин. Омин.
Зикирова Ойгул Аминовна
Қарши шаҳар бош имом-хатибининг хотин-кизлар масалалари бўйича ўринбосари