Ҳаж – Ислом динининг беш фарзидан бири бўлиб, уни арконларига риоя қилган ҳолда адо этиш ҳар бир мусулмон учун улкан шараф ва масъулиятдир.
Бу ибодат инсонни камтарликка, сабрга, шукроналикка, тақво ва эзгуликка чорлайди.
Ҳажнинг ҳақиқий моҳияти дабдаба ёки кўз-кўз қилиш эмас, балки ихлос, қалб поклиги ва Аллоҳ таолонинг розилигини топишдир.Бироқ бугунги кунда жамиятда баъзи ҳолатлар кишини ўйлантиради. Ҳаж ёки умра сафарига бориб келган инсонлар шарафига катта тўйлар қилиш, ортиқча сарф-харажатлар қилиш ва “одамлар нима дейди?” деган фикрлар асосида дабдабали тадбирлар ўтказиш ҳолатлари учрамоқда.
Шу ўринда табиий савол туғилади: "Ҳаж ибодатми ёки дабдабами?"
Кўп ҳолларда фарзандлар: “Ота-онамни ҳаждан кейин албатта катта эҳсон қилиб кутиб олишим керак, бўлмаса халқ гапиради”, деган ички босимни ҳис қилишади.
Ҳар бир оиланинг ўз шароити, имконияти ва ташвиши борлиги эса баъзан унутилиб қўйилади.Яна бир ҳаётий ҳолат — сўнгги пайтларда қайнота ва қайноналар ҳаж ёки умрадан қайтгач, келин-қизларга бир хил либос тиктириш, катта тантаналар уюштириш каби ортиқча харажатлар, риоялар кўп кузатиляпти. Бу эса баъзи оилалар учун оғир юк, ҳатто келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда.Афсуски, баъзан “одамлар нима дейди” деган фикрлар ихлос ва эзгу ниятлардан устун келмоқда. Натижада ҳақиқий эҳтиёжлар – беморлар, кам таъминланган оилалар, фарзандини қийналиб олий ўқув юртида контракт асосида ўқитаётган ота-оналар четда қолиб кетмоқда.
Ваҳоланки, атрофимизда ёрдамга муҳтож инсонлар кўп. Агар ортиқча сарф-харажатлар уларга йўналтирилса, қанча инсоннинг кўнгли шод бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
“Ким бир мусулмоннинг дунёдаги қайғусини аритса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг қайғуларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг мушкулини осон қилса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратидаги ишларини осон қилади” (Имом Муслим ривоячти).
Бошқа бир муборак ҳадисда: "Ким биродарининг ҳожатини чиқариш учун юрса, бу унинг учун масжидда бир ой эътикоф ўтирганидан ҳам яхшироқдир" (Имом Табароний ривояти).
Шулардан келиб чиқиб, ҳақиқий ибодат фақат зоҳирий амал эмас, балки инсонларга яхшилик қилиш, муҳтожларнинг кўнглини кўтариш ва саховат кўрсатиш эканини англаймиз. Шундай экан, ҳар бир инсон ўзига савол бериши керак: биз ибодатдан кейин дабдабани танлаяпмизми ёки ибодатнинг асл руҳи — камтарлик, шукроналик ва саховатними? Ҳақиқий ҳожилик на либосда, на тантанада, балки инсоннинг қалби, одоби ва эзгу амалларида намоён бўлади. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар бир амал ният, ихлос ва камтарлик билан қадрлидир. Инсоннинг улуғлиги дабдаба билан эмас, балки эзгу амаллари билан ўлчанади.
Гулчеҳра МАВЛОНОВА, Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари