Аллоҳнинг неъмати
12194
13-07-2026, 10:58
124
Ўқиш режими
+
-
Маълумки, Аллоҳ таолонинг биз инсонларга берган неъматлари кўп бўлиб, у неъматларни санаб адоғига ета олмаймиз. Бу ҳақда неъмат берган зотнинг Ўзи шундай марҳамат қилади:
وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَةَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ اللّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир “ ( Наҳл сураси, 18-оят).
Аллоҳ таоло берган неъматларни қадрлаб унга шукр қилишимиз лозим.
Неъматларнинг қадрига етиш ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) шундай деганлар: “Карим сифатли Аллоҳ таоло берган неъматларни қадрлагин! Зеро, у (неъматлар) бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Берилган неъматларга шукр қилиш эса у неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” дейди. ("Иброҳим" сураси, 7-оят). Бу оят тафсирида шундай дейилади: “ Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани-буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос”
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчаларимизнинг неъматларни қадрлайдиган ва уни шукрини қиладиганлардан қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими