Илмга эга бўлмаган ҳолда илм аҳлини ғийбат қилиш — инсоннинг ўзига зиён келтирадиган ишлардандир. Илмни ўрганмаган киши олимларнинг сўзини, далилини ва мақсадини тушунмасдан туриб улар ҳақида ҳукм чиқариши адолат эмас.
Ғийбат ҳар қандай мусулмон учун ҳаром қилинган бўлса, илм аҳлини ғийбат қилишнинг гуноҳи янада оғир бўлиши мумкин. Чунки бу нафақат бир инсоннинг обрўсига, балки илмга бўлган ҳурматга ҳам путур етказади. Агар бир олимнинг хатоси кўринса, уни ҳақорат, масхара ёки орқасидан гапириш билан эмас, балки Қуръон, суннат ва аҳли илмнинг усули асосида далил билан муҳокама қилиш керак.
Илмсиз танқид қилиш жоҳиллик белгиси, далил билан танқид қилиш эса илм аҳлининг йўлидир. Кимки ўзи илм талаб қилмасдан, вақтни олимларни ғийбат қилиш билан ўтказса, у ўзининг амал дафтарини савоб билан эмас, гуноҳ билан тўлдириши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон тилини асрасин, илм аҳлига ҳурмат билан муносабатда бўлсин ва агар бир масалада тушунмовчилик бўлса, уни ғийбат билан эмас, далил ва одоб билан ҳал қилишга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақни англаб, унга эргашувчилардан қилсин.
Азамат Усмонов