1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Бахтли аёл — бахтли оила

21-07-2026, 14:50 167 Ўқиш режими + -
Оила — жамиятнинг энг муқаддас қўрғони. Унинг мустаҳкамлиги, тинчлиги ва фаровонлиги кўп жиҳатдан аёлнинг меҳри, сабри ва оқилалигига боғлиқ. Бахтли аёл бор хонадонда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва барака ҳукм суради. Шу боис ҳам «Бахтли аёл — бахтли оила» деган ҳикматли ибора чуқур маъно касб этади.
Ислом дини аёлнинг қадри ва шаънини юксак эъзозлайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Унинг оятларидан бири шуки, сизлар хотиржам бўлишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратди ва ўрталарингизга меҳр ва раҳм-шафқат солди» (Рум сураси, 21-оят).
Ушбу оят оиланинг меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида қурилиши лозимлигини англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
«Сизларнинг энг яхшиларингиз — аҳлига энг яхши муносабатда бўлганларингиздир».
Демак, аёлнинг бахти нафақат унинг ўз зиммасида, балки эрнинг меҳр-эътибори, ҳурмати ва масъулияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Оилада ўзаро тушуниш, самимий мулоқот ва бир-бирини қадрлаш бахтнинг энг муҳим омилларидир.
Аёл — фарзанднинг биринчи мураббийси, хонадоннинг файзи ва тарбия масканидир. Унинг қалби хотиржам, юзида табассум бўлса, бу муҳит фарзандлар тарбиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Меҳрибон она тарбиялаган фарзандлар одобли, меҳнатсевар ва ватанпарвар бўлиб улғаядилар.
Бугунги кунда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу имкониятлардан унумли фойдаланаётган илмли, маърифатли ва маънан бой аёллар оила бахти ҳамда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ҳар бир хонадонда меҳр, ҳурмат ва ишонч устувор бўлса, аёл бахтли бўлади. Бахтли аёл эса бахтли оилани, бахтли оилалар эса тинч ва фаровон жамиятни барпо этади. Зеро, оиланинг мустаҳкамлиги — миллат келажагининг мустаҳкамлигидир.

Ш Абдуллаева, Шахрисабз туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масаласи буйича ўринбосари