1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қизга сеп эмас, соғлом келажак тайёрланг

22-07-2026, 15:23 109 Ўқиш режими + -
Кўпчилик ота-оналар қиз фарзандларининг келажагини ўйлаб, йиллаб сеп йиғади. Сандиқлар тўлади, уй жиҳозлари тайёрланади, қимматбаҳо буюмлар сотиб олинади. Аммо бир савол бор: агар қизларнинг соғлигига эътибор берилмаса, бу сепнинг қадри қанча?
Афсуски, бугун айрим оилаларда сеп масаласи бахт эмас, балки баҳсга айланмоқда. Сепнинг кўп ёки камлиги сабаб қудалар ўртасида келишмовчиликлар, ранжишлар ва совуқчиликлар юзага келмоқда. Баъзан эса бу можаролар икки ёшнинг бахтига соя солиб, оилалар ўртасидаги меҳр-оқибатга путур етказмоқда. Аслида, янги оиланинг пойдевори моддий буюмлар эмас, балки ҳурмат, муҳаббат ва ўзаро ишончдир.
Қиз фарзанд — келажакда бир оиланинг бекаси, фарзандларининг онаси бўлади. Шунинг учун унинг соғлигига турмушга чиқишидан олдин алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим. Зарур тиббий кўриклардан ўтказиш ва аниқланган муаммоларни вақтида даволаш келажакда кўплаб қийинчиликларнинг олдини олади.
Чунки айрим касалликларни турмуш қуришдан олдин даволаш анча осон бўлса, турмушга чиққанидан кейин уларни даволаш оилавий масъулиятлар, ҳомиладорлик режаси ёки бошқа омиллар сабаб мураккаблашиши мумкин. Шунинг учун соғлиқни кечиктирмасдан назорат қилиш — қиз фарзанднинг келажагига қилинган энг оқилона сармоядир.
Қизларга одоб-ахлоқни, каттани ҳурмат қилишни, кичикка меҳрибон бўлишни ўргатинг. Ибо-ҳаё, ор-номус, ҳалоллик ва меҳр-оқибат уларнинг энг қиммат безаги бўлади. Бу фазилатларни ҳеч қандай олтин ёки қимматбаҳо жиҳоз билан сотиб олиб бўлмайди.
Уларга илм беринг, китобга меҳр уйғотинг, мустақил фикрлашга ўргатинг. Ўзига ишонган, маънавияти юксак, соғлом қиз ҳар қандай хонадоннинг энг катта бойлигига айланади.
Унутманг, сеп вақт ўтиши билан эскиради. Мебел алмашади, идишлар синади, кийимлар тўзийди. Аммо яхши тарбия, мустаҳкам соғлиқ ва юксак одоб инсон билан умр бўйи қолади.
Хулоса шуки, қизларга бутун умр сеп йиғишдан олдин, уларнинг соғлиғини асранг. Вақтида тиббий кўрикдан ўтказинг, зарур бўлса даволатинг. Чунки қизларнинг ҳақиқий сепи — соғлиги, тарбияси, илми, одоби ва ибо-ҳаёсидир. Ана шу бойлик уларни бахтли қилади, оилаларини мустаҳкам қилади ва келажак авлод учун энг гўзал мерос бўлиб қолади.
 
Азамат Усмонов