1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Поклик — иймон ва барокат мезони

27-07-2026, 11:43 228 Ўқиш режими + -

Ислом дини поклик, тинчлик ва эзгуликка чорловчи мукаммал диндир. Шу боис Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда покликка қайта-қайта тарғиб қилинган. Зеро, поклик аввало инсоннинг қалбидан бошланади. Пок қалбда пок дуо, пок зикр, эзгу ният ва хайрли тилаклар яшайди.
Қалби пок инсон, энг аввало, ўз оиласини, хонадонини, маҳалласи ва яшаб турган юртини пок ва озода тутишга интилади. Она Ватанимиз — Ўзбекистонни обод ва пок сақлаш ҳар биримиз учун муқаддас бурчдир. Хонадонларимиз озода бўлса, унда барака, тинчлик, хотиржамлик ва меҳр-оқибат ҳукм суради.
Уламоларимиз таъкидлаганларидек, мусулмон киши одамларга озор берадиган нарсани йўлдан олиб ташласа ҳам, бу савобли амал бўлиб, жаннат башоратига сабаб бўлади. Бу эса поклик ва озодаликнинг нақадар улуғ фазилат эканини кўрсатади.
Шундай экан, ибодатга қанчалик аҳамият берсак, тозалик ва озодаликка ҳам шунчалик масъулият билан ёндашишимиз лозим. Ҳар бир инсон ўзини, яшаб турган маҳалласи, қишлоғи ва атроф-муҳитини пок сақлашга ҳисса қўшиши керак.
«Ҳалолликда ҳаловат бор», деганларидек, покликда ҳам кўплаб барака ва ҳикматлар мужассам. Ҳатто ҳайвонлар ҳам ётган жойини тоза сақлайди. Инсон эса Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилиб яратилган, унга ақл ва буюк қалб ато этилган. Шунинг учун ҳам поклик ва озодаликка эътибор бериш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ҳаёт тарзига айланиши керак.
Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган нақл бор. Дарҳақиқат, фарзандлар ота-онасидан ибрат олади. Демак, тарбия аввало оиладан бошланади. Биз эзгу амалларимиз, поклик ва озодаликка бўлган муносабатимиз билан фарзандларимизга ўрнак бўлиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшайлик.
Бугун юртимизда тинч ва осойишта ҳаёт кечириб, жаннатмакон Ўзбекистонда яшаш бахти насиб этган. Бу неъматнинг қадрига етиб, юртимизни янада обод ва файзли қилиш йўлида бирлашиб меҳнат қилсак, албатта эзгу мақсадларимизга етамиз.
Ватанимизни ким учун обод қиламиз? Албатта, келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз, набираларимиз ва келгуси авлодлар учун. Шу боис ҳар биримиз юртимиз поклиги ва ободлиги учун масъулмиз. Бу масъулиятни эса, энг аввало, ўз оиламизда фарзандларимизга шахсий намуна кўрсатиш орқали адо этайлик.


О. Кўчарова 

Қамаши тумани Ёртепа маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси