Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради” (Наҳл сураси, 90-оят).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да “Ушбу оят карима орқали Аллоҳ таоло мутлоқ адолатга, исломий адолатга буюрмоқда. Адолат мустаҳкам қўрғондир. Адолат шаҳват ва ғазабни жиловлай олишдир. Имом Ғаззолий бундай деганлар:“Инсоннинг ички гўзаллик олами тўрт қувватга таянади, агар мана шу тўрт асос мутаносиб бўлса, хулқ гўзаллиги ҳосил бўлади. Булар –илм, ғазаб, шаҳват ва улар орасидаги адолат мезонидир”. Яна Аллоҳ адолат билан бирга барчага баравар яхшилик қилишга, айниқса қариндошларнинг эҳтиёжларини қондиришга амр этаяпти. Фаҳш-бузуқликлар, ёмонлик қилиш ва ўзгаларга жабр-ситам кўрсатишдан қайтараяпти” дейилади.
Аллоҳ таоло барчамизни зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан асраб, икки дунё саодатига ҳидоят қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиг ходими