Инсон ҳаётидаги энг буюк неъматлардан бири — она сутидир. Чақалоқ дунёга келган илк кунларидан бошлаб унинг соғлом ўсиши, бақувват бўлиши ва иммунитетининг мустаҳкамланишида она сутининг ўрни беқиёсдир. Ислом таълимотида ҳам фарзандга меҳр кўрсатиш, уни муносиб парваришлаш ва эмизиш буюк савобли амал сифатида эътироф этилган.
Халқимизда шундай нақл бор: «Она сути — болага шифо, она меҳри — қалбга зиё». Дарҳақиқат, она сути нафақат озуқа, балки меҳр-муҳаббат, меҳрибонлик ва соғлом ҳаётнинг асосидир. Она бағрида меҳр билан эмизилган фарзанднинг жисмоний ва маънавий камолотига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. Бу эмизиш муддатини тўлиқ қилишни истаган кишилар учундир» (Бақара сураси, 233-оят).
Ушбу ояти карима фарзандни эмизишнинг нақадар муҳим эканини кўрсатади. Албатта, ҳар бир онанинг соғлиғи ва шароити турлича бўлади. Лекин имконият бўлган тақдирда фарзандни она сути билан озиқлантириш унинг ҳақларидан бири ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳм-шафқатли бўлишга ва фарзандларга меҳр кўрсатишга доимо чақирганлар. У зот шундай деганлар:
«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди». (Имом Бухорий ривояти).
Она ўз меҳрини фарзандига, энг аввало, уни бағрига босиб, эмизиш орқали намоён этади. Бу меҳр боланинг қалбида ишонч, хотиржамлик ва муҳаббат туйғуларини шакллантиради.
Бугунги кунда турли сунъий озиқалар мавжуд бўлса-да, ҳеч бири она сутининг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Шунинг учун оналаримиз ўз саломатликларига алоҳида эътибор қаратиб, шифокорлар тавсияларига амал қилган ҳолда фарзандларини имкони борича она сути билан озиқлантиришга ҳаракат қилсинлар.
Фарзанд — Аллоҳ таолонинг омонати. Уни соғлом, бақувват ва баркамол қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. Она сути эса ана шу эзгу вазифани адо этишдаги энг муҳим омиллардан биридир.
Аллоҳ таоло барча оналарга сиҳат-саломатлик, хонадонларимизга файзу барака, фарзандларимизга эса соғлом, бахтли ва баракали ҳаёт насиб этсин. Омин.
М. Мамаюсупова,
Косон тумани Нартичуқур МФЙ отинойиси