Инсоннинг эътиқоди тўғри бўлса, унинг барча ишлари ҳам тўғри бўлади. Нотўғри эътиқод нотўғри ишларни келтириб чиқаради. Шу сабабли эътиқодимизни тўғри бўлишига диққатимизни қаратишимиз лозим.
Ҳозирги пайтда айрим тоифалар ўзлари нотўғри эътиқодда бўлган ҳолда бошқаларни ҳам шу нотўғри эътиқодларига чорламоқдалар. Уларнинг бундай нотўғри эътиқодда бўлишларининг сабаби диндан илмларининг камлигидир. Чунки у тоифалар одатда бирор нарсага ақида қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда, эътиқод борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, эътиқод илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.
Нотўғри эътиқоддаги тоифалар аввалам бор ўзларинг эътиқодларини тўғрилашлари, ундан сўнг эса ана шу тўғри эътиқодни бошқаларга ҳам раво кўрсалар бўлади.
Энг тўғри эътиқод аҳли сунна вал-жамоат эътиқодидир. Ана шу эътиқодни ўзимизда шакллантириб, адашган тоифалар эътиқодидан узоқ бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда яхшилик ато қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими