Шайтоннинг аёли ва зурриёти бор. Бу зурриётлардан асосийлари тўққизтадир. У зурриётлардан бири Залит, иккинчиси Васий, учинчиси Лақус, тўртинчиси Аҳвон, бешинчиси Ҳаффоф, олтинчиси Мурра, еттинчиси Мусаввит, саккизинчиси Досим, тўққизинчиси Валҳон. Унинг бу зурриётлари одамлар тўпланадиган жойларда турли хил нотинчликларни келтириб чиқаради. Шайтон тўдасидан битта жин ҳар доим ҳар бир кишига эргашиб юради. У ўзи эргашиб юрган одамга ёмон ишларни яхши қилиб кўрсатади ва уни шу ишларга тарғиб қилади.
Пайғамбар (с.а.в.) одамларга: “Сизлардан ҳар бирингизга биттадан шайтон (жин) вакил қилинган”дедилар. Одамлар: “Ё расулаллоҳ, сизга ҳамми?” деб сўрашди.
Пайғамбар (с.а.в.):“Ҳа, менга ҳам, лекин Аллоҳ таоло ун(жин)дан мени устун қилди. У инсофга кириб, мўъмин бўлди ва мени доим хайрли ишларга ундайди”дедилар.
Шайтон ва унинг тўдаси ҳар қандай йўллар билан одамларни ғафлатга, дангасаликка, умрни исроф қилишга бошлайди. Ривоят қилишларича, шайтон ва унинг тўдаси қўлларида ип ва кўрпа билан одамлар орасидан ўтишибди. Одамлар шайтон ва унинг тўдасидан ип ва кўрпани нима қилишларини сўрашибди. Шайтон ва унинг тўдаси одамларга: “ Бу олиб юрган нарсаларимиз одамларни ғафлатга солиш, умрини бебарака қилиш учундир. Одамларнинг ҳар бирининг уйларига кечаси бориб, уларнинг қўл-оёқларини ушбу иплар билан боғлаймиз ва устиларига мана бу ғафлат кўрпасини ёпиб қўямиз. Ва уларнинг қулоғига тонг отиши билан “ҳали вақт эртачи, чарчагансан, ухла дамингни ол” деб пичирлаб турамиз. Одамлар тонгда ғафлат босиб уйқуларидан уйғонаолмасдан чошгоҳгача ётишади. Бу билан биз уларни ғафлатга соламиз, уларнинг умрини бебарака қиламиз. Чунки инсон умрининг баракаси тонгда уйқудан уйғонишдир”деб жавоб беришган экан.
Инсон доим ўз фикр ва ўйларини назорат қилиб бориши лозим. Чунки жинлар инсоннинг фикр-ўйларини чалғитиб, васвасага солади. Агар инсон бирор васвасага туша бошласа, бу нарса шайтон ва унинг тўдасининг ёмонлиги эканлигини ёдга олиши керак. Ва ундан паноҳ тилаб, бу ёмонликдан ўзини қутқазиши лозим. “Қуръони карим”да:“Қачонки сизга шайтондан бирон васваса бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг, Аллоҳ барча нарсаларни эшитиб, билиб тургувчидир” дейилади. (Аъроф сураси, 200-оят).
Аллоҳ таоло одамларга ақл-фаҳм фаросат бериб, уларга яхшилик ёки ёмонликни ихтиёр қилиш имконини берди. Одам ўз хоҳиши билан тўғри йўлни ёки жинларнинг васвасасига эргашиб эгри йўлни танлайди. Охир-оқибат инсон мана шу ихтиёри, танлови ва шуларга мос амали учун масъул бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни жинларнинг ёмонлигидан асрасин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими