Ҳаёт – энг қадрли омонат
Ҳаёт инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг қадрли омонатдир. Ислом дини инсонни эзгу амаллар билан шуғулланиш, ўзи учун ато қилинган неъматлардан фойдаланиш, унинг шукрини ва ҳаққини адо этишга чақиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир оятида инсонни азизу мукаррам қилиб яратганини билдирган бўлса, бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло Одамни ер юзида ўзининг ўринбосари қилиб яратганини баён қилган. Бу оятлар инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ кўрсатади.
Аллоҳ таоло одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим. Аллоҳ таоло инсонга ақл-идрок бердики, токи ҳаёт ва унинг неъматлари қадрига етсин ҳамда дунёга фақат бир марта келишини билсин, ҳаётда учрайдиган баъзи қийинчилик ва мусибатларни сабру қаноат билан енгсин.
Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир.
Бутун дунё мамлакатларига коронавирус пандемияси хавф солиб турган бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг мурожатларида айтилган йўл-йўриқларга ва соғлиқни сақлаш ходимларининг тавсияларига қулоқ солиб, уни ҳаётимизда қўллашимиз зарур. Бу йўл-йўриқ ва тавсиялар соғлигимизни ҳимоя қилиш учун жуда муҳим ишлардир. Соғлигимизни ҳимоя қилиш бизга берилган ҳаётнинг қадрига етишнинг бир кўринишидир. Ҳаётнинг қадрига етсак, соғлигимиз йўлида ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилсак, Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилган бўламиз.
Э.Сатторов,
Қарши шаҳар “Маҳаллот” масжиди имом хатиби