Мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» сифатида нишонланади. Маълумки, ҳар биримизнинг ҳаётимизда муаллим ва мураббийларнинг ўрни жуда катта. Инсоннинг дунёга келиши ва ҳаёт кечиришида ота-онанинг ҳиссаси қанча бўлса, унинг маънавий жиҳатдан баркамол бўлишида муаллим, устозларнинг ҳам ҳиссаси шунчадир. Шунинг учун ҳам халқимиз «Устоз отангдек улуғ» деб бежиз айтмайди.
Ислом динида илм-аҳли бўлган муаллим-устозларнинг қадри ва уларнинг даражаси юқори қўйилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур», (Мужодала сураси, 11-оят). Бу оятнинг тафсирда: « …Аллоҳ таоло иймон келтирган ва илм ато этилган бандаларининг даражаларини баландга кўтаришини алоҳида таъкидламоқда. Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ҳар гал ушбу оятни ўқиганларида « Эй одамлар! бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади» дер эканлар».
Муаллимларнинг шарафли ва масъулиятли ишларидан барча манфаатдор бўлади. Уларнинг бу меҳнатлари юқори баҳоланади ва ката савобга дахлдордир. Ҳадис шарифда: « Дарҳақиқат, Аллоҳ, унинг фаришталари, осмон ва ер аҳллар, ҳатто чумоли, денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи муаллимга мағфират сўраб, дуо қилишади» деганлар. (Термизий ривояти).
Юртимизда кўплаб қомусий олимлар, муҳаддислар, фақиҳлар, муфассир ва мутасаввифлар, мутафаккирлар ва фан арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг сонининг қанчалиги айтиш мушкул, улар қолдирган илмий-меросларнинг эса чегараси йўқ.
Улуғ боболаримизнинг бундай даражага эришишнинг битта сабаби уларнинг бой маънавият иморати пойдеворини қурган муаллим-устозларидир. Чунки баъзи донишмандлардан ўзларининг эришган даражаларининг сабабини сўралганида улар: «Менинг эришган барча ютуқларим муаллимим, устозимларимнинг сабабидандир» деб жавоб беришган. Муаллим-устозларни ёниб турган шамга қиёс қилиш мумкин. Улар ёниб, атрофга нур-зиё тарқатади ва атрофдагилар уларнинг нур-зиёсидан баҳраманд бўлади. Шу сабабли муаллим, устозларимизни қадрига етиш фазилат ҳисобланади. Шу маънода Алишер Навоий бобобимиз шундай ёзган эдилар:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо анинг ҳаққин минг ганж ила.
Бу сатрларни ёзилганига неча асрлар бўлган бўлсада, ҳали ҳам ўзининг зарбдорлиги йўқотмаган. Чунки жамиятнинг катта бойлиги билимли, маърифатли муаллим-устозлардир. Улар жамият маънавиятининг меъморларидир. Ўз даврида Абдулла Авлоний шундай деганлар «Ҳар бир муаллимнингсаодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши маънавиятига ва тарбиясигабоғлиқдир» .
Тарихга назар ташласак, Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, ИмомБухорий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк зотларнинг камолида муааллимлик, устоз-шогирдлик анъанаси муҳим ўрин тутганини кўрамиз. Илм тарқатишнинг энг гўзал хусусиятларидан бири ҳам шундаки, у муаллим-устозлар қалбидан шогирд қалбига ўтиб, кейин яна бошқа авлодларга таралади. Муаллим-устозларнинг илму-амали шогирдлар ҳаётида давом этади.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан юртимиздаги таълимга, муаллим ва мураббийлар меҳнатига катта эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасаларида замонавий шароитлар яратилди, муаллим-мураббийларнинг
касбий салоҳиятини оширишга имкониятлар кенгайтирилди. Бу эса муаллим ва мураббийлар зиммасига янада катта масъулият — билимли, ватанпарвар, одобли ва мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялаш вазифасини қўяди. Мана шундай вазифаларни бажараётган юртимиздаги барча муаллим ва мураббийларни яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этамиз. Уларга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, олиб бораётган шарафли ва масъулиятли ишларида каттадан катта муваффақиятлар тилаймиз.
Раҳматилло Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби