Тарихий китоб ва манбалар орқали Юнус (алайҳиссалом) ҳақида маълумотларга эгамиз. Юнус алайҳиссалом Аллоҳ таоло амрига итоат қилишдан бир оз четлашганида, Аллоҳ таоло у зотни денгиз балиғига юттирди. Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб қуйидаги дуони ўқиди:
لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
“Лаа илааҳа иллаа анта. Субҳаанака. Инний кунту миназ-зоолимийн”
Ушбу дуо ижобат бўлди. У туфайли Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнидан соғ-саломат чиқарди. Бу ҳақда “Қуръони карим”да шундай дейилади:
فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنجِي الْمُؤْمِنِينَ
“Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз” (Анбиё сураси, 88-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуо-илтижоларини ижобат қилди, уни балиқ қорнидан эсон-омон чиқариб, ғамдан қутқарди. Аллоҳ азза ва жалла Ўзига иймон келтирган бандаларини бало-офатлардан ана шундай қутқариб, уларни ғам-мусибатлардан холос этади”дейилади.
Инсон таҳлил, тасбеҳ айтган ҳолда Аллоҳ таолога илтижо қилса, гуноҳига иқрор бўлса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилади. Юнус (алайҳис-салом) дуоларининг аввали таҳлил, ўртасида тасбеҳ, охири эса гуноҳга иқрор бўлиш эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Биродарим Юнус (алайҳиссалом)нинг дуоси ажойибдир, аввали таҳлил, ўртаси тасбеҳ ва охири гуноҳга иқрор бўлишдир. Ким ғам, ташвиш, мусибатга учраган ҳамда қарздор бўлса бир кунда уч марта шу дуони ўқиса, албатта, ижобат бўлади” (Дайламий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг дуоларимизни ижобат қилиб, икки дунё саодатига эриштирсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими