Маълумки, биз ўз нутқимизда “офият” сўзини кўп ишлатамиз. “Офият” сўзи аслида, арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида соғлик-саломатлик, хотиржамлик деган маъноларни англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Офият”-соғлик; яхши кайфият; хотиржамлик” –дейилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларни офият сўраб дуо қилишга тарғиб қилганлар.
وَسَأَلَ رَجُلٌ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم: أَيُّ الدُّعَاءِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: سَلْ رَبَّكَ الْعَافِيَةَ وَالْمُعَافَاةَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، ثُمَّ سَأَلَهُ فِي الْيَوْمِ الثَّانِي، فَقَالَ مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ سَأَلَهُ فِي الْيَوْمِ الثَّالِثِ، فَقَالَ مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: إِذَا أُعْطِيتَ الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَأُعْطِيتَهَا فِي الْآخِرَةِ فَقَدْ أَفْلَحْتَ.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан бир киши: “Қайси дуо афзал?-деб сўради.
У зот: “Раббингдан дунё ва охиратдаги офиятни сўра” дедилар. Сўнгра у У зотдан иккинчи кун ҳам сўради. Ўшандак жавоб бердилар. Сўнгра у У зотдан учинчи кун ҳам сўради. Ўшандек жавоб бердилар ва кейин эса: “Қачон сенга дунёда офият берилса, ва офият сенга охиратда ҳам берилса, дарҳақиқат, нажот топибсан” – ( Имом Термизий ривояти) дедилар.
Дуода офият сўрашнинг дунё ва охиратда манфаати кўп. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Офият ўн кўринишдадир. Уларнинг бештаси дунёда, бештаси охиратдадир. Дунёдагиси қуйидагилардир:
- Неъматга шукр қилишлик;.
- Ибодат қилишлик;
- Илм олишлик;
- Ҳалол бўлган ризқ топишлик;
- Неъматга шукр қилишлик;
- Қийинчиликка сабр қилишликдир.
Офиятнинг охиратдаги бешта кўриниши:
- Ёмонликлар ўчирилиб, яхшиликлар қабул бўлишлиги;
- Жон олувчи фаришта унга раҳмат ва лутф билан келиши;
- Қабрда катта қўрқинчлардан омонда бўлиши;
- Сирот кўпригидан чақмоқ каби ўтиши;
- Жаннатга саломат ҳолда кириши”.
Келинг, Аллоҳ таолодан кўпроқ офият сўраб дуо қилайлик! Аллоҳ таоло дуоларимизни қабул қилиб, барчамизга дунё ва охират офиятини ато қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими