Ал-Ҳаким ат-Термизий қаламига мансуб асарлар ҳақида ёзган муаллифлар унинг асарларининг сони ҳақида турли рақамларни келтирганлар. Баъзиларининг фикрига кўра унинг асарларининг сони тўрт юзтага яқин бўлса, яна бошқалар ал-Ҳаким ат-Термизий саксонта ёинки қирқта асар яратганлиги ҳақида ёзганлар. Жумладан, мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг ёзишича, ал-Ҳаким ат-Термизий тўрт юздан ортиқ асарлар яратган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Энг муҳими, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади[15]. Мана шу асарлардан энг аввало пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисаларига бағишланган «Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар») номли асарини айтиш керак. Бу асар шунингдек «Салват ал-орифийн ва бўстон ал-муваҳҳадийн» («Орифлар овунчоғи ва Оллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони») номи билан ҳам аталади. Бу асар ҳижрий 1294 (мелодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Яна бир қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (№ 10842). Алломанинг кейинги йилларда нашр этилган асарларидан тасаввуфга оид икки асарини кўрсатиш мумкин. Улардан бири «Китоб ҳақийқат ал-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб») ва иккинчиси «Адаб ун-нафс» («Нафс одоби») номли асаридир. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги қўлёзмалар хазиналарида сақланади. Уларни бир қадар шартли равишда беш гуруҳга (мажмуага) бўлиш мумкин. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Стамбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади. Париж Миллий кутубхонасида (араб бўлими, 5018 рақамида) ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қуйидаги ўн иккита асарининг қўлёзмалари сақланади:
1. «Китоб ус-салот ва мақосидуҳо» («Намоз ва унинг мақсадлари»).
2. «Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи» («Ҳаж ва унинг сирлари»).
3. «Китоб ул-иҳтийотот» («Эҳтиёткорлик йўллари»).
4. «Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо» («Билиш лозим бўлган жумлалар»).
5. «Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф» («Фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик)ни маън қилиш»).
6. «Китоб Ҳақийқат ул-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб»).
7. «Китоб Урс ул-муваҳаддийн» («Якка худога эътиқод қилганларнинг завқи»).
8. «Китоб ул-аъзо ван нафс ва йусаммо казолика ғавр ул-умур» («Аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб»).
9. «Китоб Манозил ал-ибод мин ал-ибодати» («Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Оллохга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб»).
10. «Китоб ул-ақл вал-ҳаво» («Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб»).
11. «Китоб ул-Амсол мин ал-Китоб вас суннат» («Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби»).
12. «Китоб ал-маноҳий» («Раддиялар ҳақида китоб»).
Дамашқ (Аз-Зоҳирия кутубхонаси, Тасаввуф 104 рақамида) мажмуаси икки китоб ва бешта рисоладан иборат. Улардан бири Китоб ар-Рийазат ёинки «Китоб Ҳақийқат ул-Одамиййа» («Рийазат ёки Инсоният ҳақиқати тўғрисидаги китоб»). Унинг қўлёзмаси, юқорида зикр қилганимиздек, Париж мажмуасида ҳам, шунингдек, Стамбул мажмуасида ҳам мавжуд. Аммо иккинчи қўлёзма «Китоб ул-Акйос вал-муғтарийн» («Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб») номли бўлиб ушбу асарнинг ягона қўлёзмаси ҳисобланади. Бу асар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг эътиқодий қарашларини англашда муҳим аҳамиятга эгадир. Аммо ушбу мажмуага кирадиган рисолалардан қуйидаги учта рисолани кўрсатиш мумкин:
1. «Жавоб Китоб Усмон бин Саъйид мин ар-Рай» («Райлик Усмон бин Саъийднинг мактубига жавоб»).
2. «Баён ул-Касб» (Касб-ҳунарнинг баёни).
3. «Масоил суила анҳо» («Савол берилиб сўралган масалалар»).
Миср Араб Республикасининг йирик шаҳарларидан бири Искандариййа (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) мажмуасида ал-Ҳаким ат-Термизийнинг учта рисоласи сақланади:
1. Ал-Масоил ал-макнуна («Яширилган масалалар»).
2. Таҳсийл назоир ал-Қуръон («Қуръон ибратларини ўрганиш»).
3. Китоб Радд аълол-Муаттила («Ал-Муаттилийларга[16] раддия китоби»). Ал-Искандариййа мажмуасида мавжуд ушбу рисолаларга яна алломанинг «Китоб ул-Фуруқ» («Фарқлар ҳақидаги китоби»)ни (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) ҳам қўшиш мумкин. Мазкур асарнинг бир нусхаси, аввалроқ зикр қилганимиздек, Париж мажмуаси таркибида сақланади.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Лондон мажмуасига кирган асарлари қуйидагилардан иборат бўлиб, улар асосан аллома Шестарбити тасарруфидаги асарлардир:
1. «Китоб ур-риёзати» («Риёзат ҳақидаги китоб»). Ушбу асарнинг бошқа нусхалари Париж, Дамашқ ва Стамбул мажмуаларида ҳам сақланади.
2. «Мухтарот мин китоб ас-Сафо» («Китоб ус-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар»).
3. Бир рисола (номи кўрсатилмаган).
4. «Адаб ун-нафс» («Инсоннинг одоби»).
5. «Масалат ул-иймон ва ислом вал иҳсон» («Иймон, ислом ва эҳсон масалалари»).
Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб ал-илмиййа»да сақланадиган қўлёзма ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Илал ал-Убудиййа» ёинки «Илал аш-шарийъа» («Шарийъат далиллари») номли асарининг нусхаси бўлиб, аслида бу рисола алломанинг «Китоб ус-Салот» («Намоз ҳақидаги китоб») асарининг қисқартирилган шаклидир.
Лейпциг мажмуасида сақланадиган атиги ягона китоб ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Ад-Дур ал-макнун» («Бекитилган марварид») асари бўлиб, у ҳаётда юз берган ва юз бериши эҳтимоли бўлган воқеаларга боғлиқ ҳадислар мажмуасидан иборат.
Стамбул шаҳридаги Аё-сўфиё кутубхонасида мавжуд қўлёзма нусха алломанинг «Китоб ал-Фуруқ» асарининг қўлёзмаси бўлиб, бу асарнинг бошқа нусхалари Париж ва ал-Искандариййа шаҳарларидаги мажмуаларда сақланиши ҳақида аввалроқ айтиб ўтилди.
Аллома ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарларидан бири «Хатм ул-авлиё» (бу асар баъзи манбаларда, хусусан, ал-Ҳужвурийнинг «Кашф ул-маҳжуб» номли асарида «Хатм ул-валоят» шаклида келтирилган) бўлиб, унда тасаввуф тарихида биринчи маротаба «валоят-валийлик» назариясига ва бунинг асосида «ал-ҳакимия» мактабига асос солинган. Ушбу асарда келтирилган фикр-мулоҳазалар Термиз аҳлининг баъзи кисмлари ўртасида кескин эътирозга ҳам сабаб бўлиб, натижада ал-Ҳаким ат-Термизий она шаҳри Термиздан бадарға қилиниб, бир қанча муддат Балхда ҳам яшаган. Узоқ йиллар давомида йўқолган китоблардан ҳисобланган «Хатм ул-авлиё» 1965 йили Ливаннинг пойтахти Байрутда Париж илмий тадқиқотлар маркази исломий маданият бўлимининг аъзоси Усмон Исмоил Яҳё томонидан нашр этилди. Валийликнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, унинг нубувват ва рисолат билан боғлиқ бўлган жиҳатлари «Хатм ул-авлиё» китобининг бош мавзуси ҳисобланади. Муқаддима ва 29 фаслда мурид ва шайх ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб тарзида таълиф этилган бу асарнинг тузилиши қуйидагича:
Муқаддима. Бу қисмда муаллиф «валоят мақоми» тушунчасидан изтиробга тушган кишиларга жавоб ёзган.
Биршчи фасл: Ҳаққуллоҳ валийлиги.
Иккинчи фасл: Худонинг даъвати ва банданинг ижобати.
Учинчи фасл: Ҳаққуллоҳ валийлиги ва валийуллоҳ.
Тўртинчи фасл: Руҳоний саволлар. Бу фаслда муаллиф 157 та саволга (бундан 34 таси бевосита валоят масаласига, қолгани эса Қуръон тафсири, Ҳадислар ва диний масалаларга доир) жавоб беради. Ибн ал-Арабий «Жавоб ул-мустақим» ва «Ал-Футуҳот ал-Маккиййа» китобларида эҳтимол ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Хатм ул-авлиё» китобининг матнидан хабардор бўлмаган ҳолда, ўзининг ирфоний мактаби нуқтаи-назаридан бу 157 саволга (152—153 саволлар бундан мустасно) жавоб ёзган. Ал-Ҳаким ат-Термизий «Хатм ул-авлиё» китобининг турли фаслларида бу саволларнинг қарийб барчасига жавоб топган.
Бешинчи фасл: Авлиё ва набийлик илми.
Олтинчи фасл: Валийуллоҳ.
Еттинчи фасл: Валоят ва авлиёликнинг ўнта хусусияти.
Саккизинчи фасл: Ҳотам ул-авлиё ва ҳотам ул-анбиё.
Тўққизинчи фасл: Нубувват ва валоят.
Ўнинчи фасл: Авлиё аломати.
Ўн биринчи фасл: Шайтоний хавотирлар ва насхи илоҳий.
Ун иккинчи фасл: Муқарриблар (Аҳл ул-қурба).
Ун учинчи фасл: Ҳотам ул-авлиё.
Ун тўртинчи фасл: Башорат.
Ун бешинчи фасл: Қуръон ва руҳ.
Ун олтинчи фасл: Мўъминлар ва авлиё.
Ўн еттинчи фасл: Валоят ва нубувват ўртасидаги аҳд-паймон.
Ўн саккизинчи фасл: Авлиё аҳволини инкор этувчилар.
Ўн тўққизинчи фасл: Валоят, саодат, муҳаббат.
Йигирманчи фасл: Валий ва гувоҳ.
Йигирма биринчи фасл: Валий ва илоҳий асрор.
Йигирма иккинчи фасл: Ҳидоят этилган ва танланган инсонлар.
Йигирма учинчи фасл: Жазаба ва замон.
Йигирма тўртинчи фасл: Мажзуб.
Йигирма бешинчи фасл: Ҳотам ул-авлиё ва хатм ул-валоят маъноси.
Йигирма олтинчи фасл: Сохта авлиё.
Йигирма еттинчи фасл: Хайр давлати ва шарр (ёмонлик) давлати.
Йигирма саккизинчи фасл: Диндорлар.
Йигирма тўққизинчи фасл: Амаллар ва даражалар.
Бу китоб валоят масаласини биринчи маротаба мукаммал бир назария ва ажойиб мақолалар туркуми шаклида тасаввуфга тақдим этиши билан алоҳида аҳамиятга молик. У, айтиш мумкинки, тасаввуф тарихида «ҳакимий»лар деб аталмиш бир гуруҳ машҳур сўфийлар, хусусан, Термиз ва Балх атрофида шаклланган тасаввуф аҳли учун маънавий васиятнома ёхуд таълим дастури сифатида хизмат қилган. Бу асарнинг овозаси ўша давр ислом оламига, Мисру Тунисдан, Эрону Мовароуннаҳргача, Ҳалабу Шомдан Кичик Осиёгача етган эди[17]. Юқорида зикр этилган асарлар ал-Ҳаким ат-Тер-мизийнинг бизгача етиб келган асарларининг мавжуд қўлёзмалари ҳисобланади. Лекин алломанинг номлари тарихий, ёинки библиографик тарзда сақланиб қол-ган, лекин бизгача етиб келмаган асарлари ҳам борки, улар ҳақида баъзи маълумотларни келтириш мақсадга мувофиқдир. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳозирги дав-римизгача етиб келмаган деб ҳисобланган муҳим асар-ларидан бири «Хатм ул-авлиё» асари ҳақида юқорида зикр қилдик. Бу асар ислом оламининг таниқли фай-ласуфи ва мутасаввуфи, аллома Муҳйиддин ибн ал-Арабий (1165—1240) давригача етиб келган бўлиб, ушбу асар ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Чунончи, Ибн ал-Арабийнинг қаламига мансуб «Ал-Футуҳот ал-Мак-киййа» («Макка фатҳлари») номли китобидаги бир юзу эллик беш саволга ал-Ҳаким ат-Термизийнинг маз-кур асарига таянган ҳолда жавоблар берилган. Шунин-гдек, Ибн ал-Арабий «Шарҳ ул-масоил ар-руҳониййа аллатий суила аънҳо ал-Ҳаким ат-Термизий» («Ал-Ҳаким ат-Термизийдан сўралган руҳий масалаларнинг шарҳи») номли махсус асар ҳам яратган[18]. Шунингдек, Ибн ал-Арабий бир юзу эллик уч саволга жавобни ўзида мужассам қилган бошқа бир асар ҳам яратган. Мазкур асарнинг нусхаси Миср Араб Республикасининг ал-Искандариййа шаҳридаги «Мактабат ал-баладиййа» кутубхонасида (3467 ж рақами остида) сақланади. Бу хабарлардан маълум бўлаётирки, буюк аллома Ибн ал-Арабий термизлик донишманд ал-Ҳаким ат-Термизийнинг асарлари ва таълимотига алоҳида эътибор билан қараган ва унинг ўзига хос бой илмий-маънавий меросининг кейинги авлодларга етиб келишида беқиёс ишларни амалга оширган. Айни вақтда ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келмаган бошқа айрим асарларига ўша даврда ёзилган баъзи шарҳларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар алломанинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганувчилар учун ғоятда муҳимлиги шубҳасиздир[19]. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келмай йўқолиб кетган асарларидан бири унинг «Китоб ул-ўълум» («Илмлар ҳақидаги китоб») бўлиши керак. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг эътиқодий фикр-мулоҳазалари айниқса унинг билиш («ал-маърифа») назариясига оид қарашларини англашимизда аллома асарининг аҳамияти беқиёс бўлиши керак эди. Чунончи, бу ҳақда ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» номли асарида (15-бет) зикр қилган. Айни шу «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» номли асарида ал-Ҳаким ат-Термизий бизгача етиб келмаган бошқа бир асари — «Китоб уд-дуъот ва сидқиҳум ва аҳволиҳум» («Исломга даъват қилувчилар, улар сидқидиллиги ва аҳволлари ҳақида китоб») ҳақида ҳам баъзи маълумотларни келтирган. Шунингдек, ўзининг «ал-Масоил ал-макнуна» номли асарида бизгача етиб келмаган таснифларидан «Китоб ул-Иродат» («Марғуб ишлар ҳақида китоб»), «Адаб ун-нафс» номли машҳур асарида «Сифат ал-қулуб ва аҳволиҳо» («Қалблар хусусияти ва улар ҳолатлари») номли асари ҳақида зикр қилиб ўтган.
XI асрда яшаб ўтган тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири Абул Ҳасан ал-Ҳужвирий (у 1072 ёки 1076 йилда вафот этган)нинг фикрича, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг яна қуйидаги асарлари бизгача етиб келмаган:
1. «Одоб ул-мурийдийн» («Муридлар одоби»).
2. «Китоб ут-Тавҳийд» («Оллоҳнинг ягоналиги ҳақидаги китоб»).
3. «Азоб ул-қабр» («Кабр азоби»).
4. «Ат-Тафсир» («Қуръон тафсири»).
5. «Китоб ул-Наҳж» («Йўл-йўриқлар китоби»).
6. «Китоб ул-машойих ав ат-табақот ас-суфиййа» («Машойихлар ёинки суфийлар табақалари ҳақидаги китоб»).
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи ҳам «Жавоб китоб Усмон ибн Саъийд мин ар-Рай» номли асарида «Китоб ул-машойих» рисоласи ҳақида «Китоб сийар ал-авлиё» («Авлиёлар сийратлари ҳақида китоб») номи билан эслатиб ўтган. Мазкур асарлар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизга маълум бўлган илмий-маънавий меросини ташкил қилади. Мана шу бой ва ранг-баранг мазмундаги меросга зоҳиран назар ташлашнинг ўзиёқ, ал-Ҳаким ат-Термизий илмий-маънавий уммонининг ғоятда чексизлиги, унинг тафаккур оламининг кенг қамровли ва бениҳоя чуқурлигидан далолат беради. Айни вақтда, масаланинг мураккаблиги шундаки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзини ҳам, унинг асарларини ҳам аллома яшаган даврдаги бирон-бир илмий фаолият билан боғлиқ ҳолда ёки қиёсий тадқиқ қилиш орқали баҳолай олмаймиз. Бинобарин, унинг хилма-хил мавзуларда ёзилган асарларининг умумий йўналишини ҳам, уларга асос бўлган манбаларни аниқлашда ҳам муайян қийинчиликлар туғилиши табиийдир.
Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг таълиф этилиш йиллари ҳақида ҳам айнан шу муаммога дуч келамиз. Чунончи, муаллиф ҳам, унинг ҳақида ёзган олимлар ҳам аллома асарларининг ёзилган йилларини кўрсатмаганлар. Шу билан бирга аллома ижодини ўрганиш жараёнида бу борада ҳам баъзи тахминларни қилиш мумкин. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизий ёзган дастлабки асари «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор Расул» асари бўлса керак. Мавзуларининг хилма-хиллиги, кўтарилган масалалар ададининг кўплиги, ҳажмининг улканлигига қарамасдан бу асарида муаллиф бошқа бирорта асарини тилга ҳам олмаган, бирортасига ишорат ҳам қилмаган. Ваҳоланки, муаллиф аксар асарларида «Наводир ул-усул»га ишорат қилганки, демак, ўша асарлар ундан кейин ёзилган.
Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларидан аллома умрининг охирларида ёзилган таснифлари жумласига «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» ва «Китоб ул-фуруқ» кабиларни ҳам киритиш мумкин. Чунончи, ушбу асарларда муаллифнинг бошқа бир қанча асарлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг мазмун-моҳиятига биноан уларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин. Бир туркум асарлари аллома томонидан илм толибларига ўқилган маърузалар, матнлар шаклида бўлса, бошқа бир туркум рисолаларни аллома турли-туман муносабатларга бағишлаб, ёинки ундан савол тарзида сўралган масалаларга жавоб, ўзига билдирилган эътирозларга раддия, ёҳуд бирон мураккаб, чигал масаланинг баёни ёинки дўсту-биродарларига йўлланган мактублар ташкил қилган. Шу боисдан ҳам бу туркумга кирган рисолалар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бутун умри давомидаги илмий-ижодий фаолиятининг ўсиши билан тадрижий равишда, босқичма-босқич такомиллашиб борган дейиш мумкин. Унинг асарлари мазмуни ва хусусиятларига қараб уларни аллома яшаган даврдаги илм-фаннинг бирор соҳасига мансуб этиш ҳам қийин. Бинобарин, унинг асарларини тўлиғича на тасаввуфий асарлар жумласига, ёинки на ҳадис илмлари жумласига, на фалсафий асарлар жумласига ёки бўлмаса калом ёки фиқҳ илмлари жумласига мансуб этиб бўлмайди. Мана шу ўринда аллома ал-Ҳаким ат-Термизий илмий фаолиятини баҳолашда ўта бир нозик қирра очилаётганга ўхшайди. Гап шундаки, алломанинг илмий-ижодий фаолиятини ўрганган қатор тадқиқотчилар ҳам таъкидлаганларидек, ал-Ҳаким ат-Термизий асарлар таълиф ва тасниф этишда ўз даврида мавжуд бўлган йўлдан юрмади, балки у ўз диний қарашлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб, ўзига хос бўлган алоҳида йўлни танлади. Ал-Ҳаким ат-Термизий танлаган бу йўл (баъзи араб олимлари бу йўлни ҳатто «мазҳаб» деб ҳам ёзганлар) ўша даврда бепоён ўлкаларгача бориб тарқалган. Бу даврда, афсуски, диннинг асл моҳиятини бузувчи тоифалар кўпайди, шу боис ислом динининг ҳақиқий, асл моҳиятини тўғри талқин қилиш жамият учун ғоятда муҳим эди. Ал-Ҳаким ат-Термизий танлаган бу йўлнинг учта йўналиши бўлиб, улар қандай эътиқодга мансуб бўлишидан қатьи назар фақат жамият манфаатларига, инсоннинг маънавий камолотига хизмат қилиши билан умумбашарий аҳамият касб этган эди. Ал-Ҳаким ат-Термизий таълимоти қуйидаги уч йўналишдан иборат:
1. Ибодат ёки маросим (арабча ат-туқус) ёинки шарийъат йўналиши.
2. Тасаввуф йўналиши.
3. Эътиқод йўналиши.
Мана шу йўналишлар ҳақида ўз фикрини биддирганда ал-Ҳаким ат-Термизий ишлатган иборалар ва истилоҳлар айнан шундай аталмаса-да, лекин шуларга яқин атамаларни қўллаган. Масалан, муаллиф «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» номли асарида, жумладан, шундай деб ёзади: «Аллоҳ таолонинг дини учта арконга асосланган бўлиб, улар ал-Ҳаққ (Ҳақиқат), ал-Адл (Адолат) ва ас-Сидқ (Ҳалоллик)»дир. Чунончи, Ҳақиқат инсон жисми аъзолари, Адолат юрак, Ҳалоллик акл-идрок билан боғлиқдир»[20]. Мана шу учта йўналишни ал-Ҳаким ат-Термизий мукаммал ҳолда тасаввур қилиб ва шуларга таяниб ўз таълимотини шакллантирди ва айнан шу тамойиллар асосида ўз асарларини яратди. Шу билан бир қаторда, унинг асарларининг характерли томони шунда эдики, зарурат туфайли турли тоифаларга бағишлаб ёзилган асарларида айнан шу тоифаларга хос сийғалар тўлиқ равишда ўз ифодасини топарди. У ўз асарларидаги ғояларни турли ижтимоий гуруҳларга мансуб мусулмонлар, улар оддий халқ вакилларими ёинки ҳадис олимларию уламолариданми, бундан қатъи назар, ўз таълимотларининг барча мўмин-мусулмонлар орасида кенг кўламда тарқалишига алоҳида эътибор берарди. Бинобарин, жамият муайян эҳтиёжларидан келиб чиқиб унинг асарлари хилма-хил услуб ва йўналишда яратилганлигини кўрамиз. Айни вақтда у ўз таълимотининг (мазҳабининг) янгилигини ҳам биларди ва шу боис ўша давр илмий доиралари миқёсида ўзига хос ўринни эгаллаб, шу пайтдаги билиш (ал-маърифа) назариялари ўртасида ўз мақомига эга бўлишга алоҳида эътибор билан қаради. Шунга кўра ўз қаламига мансуб асарларнинг аксар қисмига ёзган муқаддимасида билиш назарияси ва турли илмлар ҳақида жиддий тарздаги ғояларни илгари сурган. Мана шу тарздаги аксар муқаддималарни муаллиф умрининг охирларида ўз таълимотини ҳимоя қилиб ёзган рисолаларда учратамиз. Юқорида билдирилган фикрларга хулоса қилиб, ал-Ҳаким ат-Термизий ёзган асарларни тўрт асосий бобга ажратиш мумкин. Бу тақсимлаш муайян даражада шартли бўлиб, у ал-Ҳаким ат-Термизий қаламига мансуб асарларнинг ҳаммасини қамраб ололмайди, албатта. Шунингдек, бу бобларга ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўз дўсту-биродарлари сўраган саволларга жавоб тарзидаги кундаликлари (ал-йавмиййот), у ташкил килган илмий мажлислардаги маърузалари ва сўзлари кирмаган, гарчанд баъзи ҳолларда бу тарздаги кундаликлар муаллиф таълимоти ва қарашларини ёрқин ифодалаган бўлса-да.
Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларини мавзу жиҳатидан тасниф этиб, қуйидаги беш мажмуага бўлиш мумкин:
Биринчи мажмуа:
А — Маърифат (билиш) ва илмларга оид асарлар:
1. Китоб ул-уълум.
2. Китоб уд-дуоъот ва сидқиҳум ва аҳволиҳум.
3. Китоб ул-акйос вал-муғтарийн.
4. Китоб ул-фуруқ ва манъ ат-тародуф.
5. Китоб ус-салот ва мақосидиҳо.
6. Китоб таҳсийл назоир ал-Қуръон.
Б — Шарийъатга оид асарлар:
1. Илал уш-шарийъат ав ал-убудиййат.
2. Китоб ус-салот ва мақосидиҳо.
3. Китоб ул-ҳажж ва асрориҳу.
В — Тасаввуф ва одоб-ахлоққа оид асарлар:
1. Ал-Ақл вал ҳаво.
2. Манозил ул-ибод мин ал-ибодати.
3. Ҳақийқат ул-одамиййат ав ар-рийозат.
4. Адаб ун-нафс.
Г — Инсон табиати ёхуд олий ҳикмат ёхуд ботиний ашёлар ҳақида:
1. Китоб хатм ул-вилойат.
2. Китоб ул-аъзо ван нафс ёинки ғавр ул-умур.
3. Китоб урс ал-муваҳиддийн.
Иккинчи мажмуа:
Бу йўналишда муаллиф муҳаддислар йўлини тутган.
А — Шарийъат ва ал-адаб (урф-одатлар):
1. Китоб ул-манҳийот.
2. Китоб ул-иҳтийотот.
3. Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо.
Б — Баённомалар (ан-нусус):
1. Китоб азоб ал-қабр.
2. Ад-Дурр ул-макнун фи асъилати мо кона ва мо йакуну.
В — Эътиқодга оид асарлар:
1. Китоб ут-тавҳийд.
2. Китоб ур-радд аълол муъаттила.
Учинчи мажмуа:
Сўфийлар ва муридлар учун ёзган асарлари:
1. Китоб одоб ул-мурийдийн.
2. Китоб ул-аъзои ван нафс ав ғавр ул-умур.
3. Тарих ул-машойих ав сайр ул-авлиё.
Тўртинчи мажмуа:
Ўз таълимотини яратишда суннатлардан фойдаланиб муҳаддислар услубини қўллаган асарлари:
1. Китоб Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-Расул.
2. Китоб ул-амсол мин ал-Китоб вас Суннати.
Бешинчи мажмуа:
Ҳар хил муносабатлар туфайли ёзган асарлари:
1. Китоб ул-масоил ал-макнуна.
2. Масоил суъила анҳо ва зикри атвибатиҳо.
3. Жавоб Китоб Усмон ибн Саъийд минар Райй.
4. Баён ул-касби.
Ал-Ҳаким ат-Термизий илмий-маънавий меросини ўрганиш жараёнида алоҳида бир хусусият зоҳир бўладики, бу ҳам бўлса унинг асарларидаги маълумотларнинг хилма-хиллиги ва бойлиги, муаллиф маданий-маърифий салоҳиятининг кенг кўламлигидир. Ал-Ҳаким ат-Термизийга хос бўлган бу ажойиб хусусиятлар унга замондош олимлардан бирортасида ҳам бўлмай, ўша давр илм-фани ва маърифати тараққиётининг барча жиҳатларини ўзида мужассам қилган эди.
Уз даврининг улуғ алломаларидан бири даражасига етишган ал-Ҳаким ат-Термизий, табиийки, баъзи таниқли олим ва уламоларнинг хато ва камчиликларига нисбатан танқидий фикр-мулоҳазаларини билдиради. Жумладан, у Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг асл моҳиятидан келиб чиқиб чуқур мазмунли янгича талқинларни илгари суради. Одатда, ҳар қандай янгича фикр аксар ҳолларда дастлаб танқидга учрамай қолмагани каби ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам бундан мустасно бўлмайди. Бу фикримизга баъзи мисоллар келтирайлик. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадисларга таяниб баъзи асарлар ҳам яратганди. Албатта, ўша даврда яшаб (айниқса IX асрда) фаолият кўрсатган кўплаб буюк муҳаддислар каби ал-Ҳаким ат-Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплаб уларни муайян бир мавзуга солиб махсус асарлар яратмаган. Лекин муаллиф ўзининг баъзи асарларида мўмин-мусулмонлар учун ғоятда фойдали бўлган эътиқод, ибодат ва муомалотга, шунингдек, одоб-ахлоқ ва зоҳидликка оид туркум ҳадислар келтирганки, бу қимматли ҳикматлар сўнгра қатор муҳаддисларнинг асарларидан ҳам ўрин олган. Айни вақтда ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадис ривоят қилувчи ровийларга нисбатан қўшимча талаблар ҳам қўйганлигини айтиш лозим. Агар буюк муҳаддис имом ал-Бухорий ҳазратлари ровийларга ростгўйлик, тақво ва омонат (ишончлик) каби шартларни қўйган бўлса, ал-Ҳаким ат-Термизий ровийлар албатта маъно ва таъвилни ҳам мукаммал билишлари шарт деб ҳисоблайди.
Фиқҳ (ислом қонуншунослиги) илмини билувчиларни эса ал-Ҳаким ат-Термизий ўзидан аввал ўтган алломалардан фарқли ўлароқ икки тоифага бўлади: бири — аҳком масалаларини чуқур эгаллаган қонуншунос мутахассис; иккинчиси эса фиқҳ илмини мукаммал эгаллаб фақиҳ бўлмоқ, унинг фикрича, қалб билан тушуниб етувчи ва идрок этишлик даражасига етган кишигина фақиҳ дейилади. Аксинча, инсон ҳақиқий фақиҳ даражасига етмаган ҳисобланади, дейди.
У намоз ва рўза аҳкомларига бағишланган баъзи эътиқодий масалаларнинг хато томонларини кўрсатиб ўз танқидий мулоҳазаларини ҳам билдиради. Муаллифнинг айнан шу масалаларга бағишланган «Асрор ус-солат» («Намоз сирлари»), «Асрор ус-савм» («Рўза сирлари») ва «Асрор ул-ҳажж» («Ҳаж сирлари») номли асарларида намоз, рўза ва ҳаж ибодатларининг инсонга фойдали бўлган ички, ҳақиқий моҳиятларини очиб беради[21]. Ақоид ва калом каби илмларга ал-Ҳаким ат-Термизий асарларида алоҳида эътибор берилган бўлса-да, биз уни йирик мутакаллимлар сафига ҳам қўша олмаймиз. Унинг қатор асарларида ислом файласуфлари (мутакаллимлар) билан бўлиб ўтган баҳсу мунозаралар ҳақида талай маълумотлар учратамиз. Аллома ўзининг ўткир илмий мулоҳазалари билан баъзи мутакаллимларнинг хато-камчиликларини очиб ташлаб, уларга нисбатан асосли, танқидий муносабатини билдирган. Ўзидан илгари ўтган тасаввуф олимларининг фаолияти ҳам ал-Ҳаким ат-Термизийнинг сергак назаридан четда қолмаган, албатта. У илгари сурган ғояларга кўра, энг яхши сифатлар — Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни адолат билан шарҳлаш; фиқҳ масалаларига ғоятда мақбул, мантиқий нуқтаи назардан ёндошувчи кишилар — булар фақат мутасаввифлар деган хулосага келади. Айни вақтда аллома бундай вазиятларда эҳтиросларга берилмай, беғараз, холисона йўл билан ёндошиш орқали исломга беминнат хизмат қилиш мумкин дейди.
Шундай қилиб, ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг ҳам Қуръони карим маъносини талқин қилиш, ҳадисларни шарҳлаш ва фиқҳий масалаларга амал қилишда тасаввуф йўлидан борганлигини таъкидлайди, тасаввуф йўли киши виждонига — қалбига ором берадиган ягона йўл деб изоҳлайди. Мана шу тарздаги таълимотларни яратган ал-Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари IX— X асрнинг буюк диний олимларидан ва ислом дини таълимотларини илмий асосга таянган ҳолда янада чуқурроқ талқин қилувчи, шариатнинг беназир арбобларидан бири сифатида бутун мусулмон оламида шуҳрат қозонди. Мавриди келганда шуни ҳам айтиш керакки, ўзининг асосли, муросасизлик билан дадил фикрларини айтгани сабабли буюк аллома тазйиқ ва азобларга ҳам дучор бўлди. Юқорида қайд этилганидек, бир қанча йиллар ўз она юртидан бадарға ҳам қилинган. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг тасаввуф илмининг алломаси бўлиб етишишида унинг устозлари Абу Туроб ан-Нахшабий, Аҳмад ибн Ҳизравайҳ, Йаҳйа ал-Жалла каби буюк шайхлар билан қилган илмий-маърифий суҳбатлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг Шом, Бағдод ва Мисрнинг мутасаввуф олимлари билан мулоқотлари ҳам ғоятда фойдали бўлиб, булар туфайли у Ўрта Осиё тасаввуф илмини ҳар томонлама бойитиб, уни янада юксак поғоналарга кўтарди. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўша пайтда Шарқ мамлакатларида мавжуд бўлган турли тариқатларнинг фаолиятидан воқиф бўлган, албатта. У айниқса Нишопурдаги маломатиййа тариқатидан кучли таъсирланди. Шу боис ушбу тариқат йўли кейинги асрларда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан Абдухолиқ ал-Ғиждувоний ва Баҳоуддин ан-Нақшбандий каби машҳур мутасаввуфлар фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ал-Ҳаким лақаби билан аталиши масаласи олиму-уламоларни азалдан қизиқтириб келган ва бу масалада турли фикрлар ҳам билдирилган. «Ҳаким» сўзининг тарихига назар солсак, бу ибора Қуръонда ҳам, Тавротда (Хохом шаклида) ҳам учрайди. Ҳакимнинг луғавий маъноси доно, донишманд, ақл-идрокли, файласуф, шунингдек, табиб, доктор тушунчаларини англатади. Шу сабабли баъзи олимлар уни ҳатто моҳир табиб деб ҳам атаганлар. Ат-Термизий яшаган давр истилоҳларига таяниб баён қилсак, ҳикмат (ҳакимдан олинган) ибораси ҳақиқатга етишиш (арабча исобат ал-ҳаққ)ни англатиб, бунга илм ва ақл билан эришиш мумкин деб изоҳланган. Ҳаким киши шундай шахски, у мукаммал ақл-идрок ва чуқур билим билан ҳар доим ҳақиқатга эришади. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг «Таҳсийл назоир ал-Қуръон» номли асарида: «Ҳаким илмнинг ички, ботиний маъноларини тушунувчи киши» деган фикрни ҳам келтирган. Қуръони каримга «Мафотиҳ ал-ғайб» номли ўн беш жилддан иборат улкан тафсир ёзган буюк ватандошимиз Фахриддин ар-Розий (у 1209 йилда вафот этган) ҳикматдан мурод ёки илм, ёки савоб, яъни тўғри ишни қилишдир, деб талқин қилган. Тасаввуф аҳли ҳам «ҳаким» сўзини шу мазмунда таъвил қилиб «ҳикмат» — илм (билим)дан юқорироқ даражада туради, «ҳаким» деб ҳар қандай илмни чуқурроқ ўзлаштирган кишига айтилади, чунки бу шарафли даражага узоқ машаққат ва риёзат орқали эришилади деб таъкидлайдилар. Доктор Усмон Исмоил Яҳёнинг фикрича, ат-Термизий «ҳаким» лақабига тасаввуфда инсон табиатини яхши ва чуқур тушуниб етгани учун эришди, деб ҳисоблайди (Муқаддима, 4-бет). Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи эса ҳақиқатга етишишликда илм ва ақлдан бошқа яна бир учинчи, илоҳий бир нарса — валийлик ҳам бор деган фикрни илгари суради. Ҳаким, унинг эътиқодича, валийнинг бир хилидир (арабча ал-ҳаким ҳува навъ мин ал-валий). Валий киши ҳақиқатга фақат чуқур илм ва катта ақл-идрок билан эмас, балкии Оллоҳ таоло унга ато қилган бир илоҳий сир воситасида эришади, бинобарин, уни тугал ақл ва чуқур илм билан сийлаган ҳам Оллоҳнинг ўзидир. Гарчанд ал-Ҳаким ат-Термизийда «ҳаким» калимаси «валий» калимаси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ифода қилинса-да, «ҳаким» билан «валий» тушунчаси ўртасида муайян фарқ бор, албатта. Ал-Ҳаким ат-Термизий «ҳаким» мақомига эга шахснинг жамият ижтимоий ҳаётидаги ўрни ҳақида ёзиб, у миллатнинг диний соҳадаги файласуфи, муомалат масалаларидаги қозиси, намоз ва ибодатларида уларнинг имоми ҳамда уларни тинчлик, хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровон турмушга бошловчи валийси бўлишлигини таъкидлайди.
Ал-Ҳаким ат-Термизий таълимотидаги муҳим масалалардан бири инсонда билиш (ал-маърифа) ҳақидаги фикрлардир. Билиш махсус тузумга (жиҳоз хос) эга бўлиб, у тўртта асосий қисмдан иборатдир, дейди. Улардан биринчиси идрок этиш орқали бўлиб, улар инсондан ташқи бўлган ҳиссиётлар — билим, тажриба ва малака, уларни тушуниб идрок этиб улардан ўз фаолиятида фойдалана билиш. Бу тизимнинг фаолиятида кўз, қулоқ, тил каби аъзолар билан бир қаторда ташқи маълумотларни қабул қилиш, бунда инсоннинг зеҳни, фаҳму фаросати, қувваи ҳофизаси катта роль ўйнайди. Яна бир хил воситалар борки, булар ҳаяжонланиш, ҳиссиёт, шуур билан боғлиқ ҳолатларда (машоъир) (жигар, талоқ, буйрак, шаҳват билан) намоён бўлади. Иккинчи тизим инсонда бор билим воситасида амалга оширилади. Учинчи тизим ахлоқ масалалари билан уйғунлашиб амалга ошади; бу сўнгги иккаласи муштарак бўлса инсонда зийраклик, латофат, юксак салоҳият каби алоҳида фазилатлар юзага келади. Алломанинг ўзига хос бу фикрлари, шунингдек, инсоннинг билишида унинг руҳияти, ақли ва қалби қандай роль ўйнаши ҳақидаги қарашлари тасаввуф аҳлининг руҳонияти ва тафаккурига катта таъсир кўрсатди. Инсон эришиши қодир бўлган билим — тасаввуфий маърифат ёки ҳикмат («гносис») деб, уни инсон қалбида тажалли бўлган илоҳий бир нур билан тенглаштирди. Чунончи, шарийъатнинг турли масалаларини талқин қилиб, уни ҳаётга татбиқ қилишга қодир бўлган билим (илм)дан фарқли ўлароқ, маърифат (гносис) ўша нарсаларнинг яширинган (сирли) моҳиятини, охир-оқибатда унинг илоҳий моҳиятини англашга эришади. Агар илмга ўқиш, ўрганиш жараёнлари орқали эришилса, маърифатни эса Оллоҳ таоло ўзи суйган, танлаган бандаларигагина марҳамат қилади. Илмни ҳаётга татбиқ қилиш замони ва майдони (ҳудуди) бир қадар маҳдудий, чегараланган бўлса, маърифатнинг эса чеки-чегараси бўлмайди. Маърифат фақат руҳи ҳар қандай дунёвий, нафсоний мойилликлардан покиза бўлиб, бутун ниятию, фикри-зикри билан Оллоҳга таважжуҳ қилган инсонларгагина насиб этади. Мана шундай инсонлар тоифасига ал-Ҳаким ат-Термизий, энг аввало, суфий валийларни мансуб этади. Унинг фикрича, улар (валийлар) мана шу жиҳатлари — маърифатлари билан бошқа мўмин-мусулмонлардан ажралиб турадй. Эҳтимолдан ҳоли эмаски, ал-Ҳаким ат-Термизий биринчилардан бўлиб назарий жиҳатдан авлиёлар ҳақидаги тасаввуфий қарашларни асослаб, амалда ҳуқуқий жиҳатдан уларни Оллоҳнинг элчилари (расул) ва пайғамбарлари (анбиё) даражасида тенглаштирган. Алломанинг пайғамбарлик ва валийлик хусусидаги, айниқса унинг тасаввуфда валийликнинг муҳим ўрни ҳақидаги қарашлари кейинчалик ислом оламида машҳур бўлган буюк файласуф Ибн ал-Арабий (1165—1240) томонидан янада ривожлантирилди. Ҳатто ушбу масалага бағишланган қатор асарларида Ибн ал-Арабий ал-Ҳаким ат-Термизий рисолаларидан бутун-бутун саҳифаларни сўзма-сўз кўчириб келтирган ҳоллари ҳам учрайди[22]. Умуман олганда, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг билиш (маърифат) назариясига доир фикрлари муҳим аҳамиятга эга. Шу боис алломанинг айнан шу масала бўйича қарашларига бағишланган махсус асарлар, тадқиқотлар ҳам яратилган. Фикримизга мисол тариқасида араб олими Абдулмуҳсин ал-Ҳусайнийнинг «Ал-Ҳаким ат-Термизийда билиш масаласи» («Ал-Маърифит иънд ал-Ҳаким ат-Термизий») асарини кўрсатиш кифоя. Баъзи бир тадқиқотчиларнинг ёзишича, ал-Ҳаким ат-Термизий буддизм, насронийлик ва манихеизм динлари таълимотлари билан ҳам яхши таниш бўлган. Чунончи, унинг деярли барча асарларида мазкур динлар таъсирини кузатиш мумкин. Буюк аллома ал-Ҳаким ат-Термизий ўз замонасининг диний илмларидан, дунёвий илмларидан ҳам ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлган. Унинг мукаммал илми ва беқиёс салоҳиятига кўпчилик алломалар юксак баҳо берганлар. Жумладан, буюк мутафаккирлар Абдураҳмон Жомий «Нафаҳот ул-унс» асарида, Алишер Навоий «Насоим ул-муҳаббат» асарида уни энг улуғ шайхлар қаторида зикр қилганлар ва мутасаввуфларнинг иккинчи бўғинига киритганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ал-Ҳаким ат-Термизий тўғрисида қуйидаги маълумотларни келтирган: «Муҳаммад бин Али Ҳакими Термизий — иккинчи табақадиндур. Кунияти Абу Абдуллоҳдур. Машойихи кибордандур ва Абу Туроб Нахшабий ва Аҳмад Ҳизравайҳ ва Ибни Жалла била суҳбат тутубдур ва кўп ҳадиси бор ва зоҳир каромати ва тасонифи (ёзган асарлари) бор. Ул жумладин «Хатм ул-вилоя» китоби ва «Наҳаж» китоби, «Наводир ул-усул» ва бундан ўзга ҳам китоблари бор ва зоҳир улумида ҳам кутуби бор ва бир тафсир («Қуръон тафсири») ҳам ибтидо қилғондур. Аммо итмомиға (охирига) улар вафо қилмайдур…» Хожа Баҳоуддин ан-Нақшбандий ҳазратлари ҳам ал-Ҳаким ат-Термизий ҳақларида: «Азиз авлиёларнинг пешвоси Хожа Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаким ат-Термизийнинг руҳонийётига таважжуҳим тушганда, ҳар сафар менга таъриф ва тавсифдан холи тасаввуф намоён бўлади», деб, унинг руҳоний оламидаги юксак мартаба ва мақомларини алоҳида лутф билан таъриф этган эканлар.
Убайдулла Уватовнинг “Икки буюк донишманд” («Шарқ» НМАК, Тошкент, 2005) китобидан олинди.