Тақво
12324
26-10-2026, 15:26
51
Ўқиш режими
+
-
“Новвойлик рисоласи”да новвойлик касбида покизалик асосий шарт ва талаблардан бири дея таъкидланади. Дарҳақиқат, новвой бир кунда бир неча юз дона нон ёпади ва уни кўплаб инсонлар тановул қилади. Агар у ёпган нонлар покизалик билан тайёрланмаса, одамларнинг тақво ва парҳезкорлигига таъсир қилиши мумкин.
Ёзувчи Тоҳир Малик “Жиноятнинг узун йўли” номли асарида бундай ёзган эди: «Ҳали туғилмаган боланинг тарбияси ҳақида гапирилганда, истаймиз-истамаймиз, нафс ва луқмаи ҳалол ҳақида ўйлаб кўришимизга тўғри келади. Болани ҳалол йўл орқали топилган ош-нон билан таомлантиришнинг афзаллиги ҳақида барча замонларда, барча жамиятларда, барча динларда таъкидлаб келинган. Ҳаром йўл билан, яъни бировнинг ҳақига хиёнат қилиб, кимнидир норизо этиб топилган ноннинг ҳалокат келтирмоғидан огоҳлантиришган. Биров бу тақиқларга, бу огоҳлантиришларга қулоқ тутган. Луқманинг ҳалоллигига қатъий риоя қилган. Бир эмас, ярим коса таом билан кифояланган, йилда уч-тўрт эмас, икки-уч йилда бир янги кийим кийган, сабрни ҳар нарсадан устун қўйган ва бунинг эвазига икки дунё саодатини топган. Бошқа бировлар эса, бу тақиқ, огоҳлантиришларни назар-писанд қилмаган. Оқибатда ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоблар билан “тақдирланган”».
Айтишларича, кунларнинг бирида Қўқондан Имом Раббоний авлодларидан бўлган Миён Сотиболдихон эшон Марғилонга халқ орасида “Ҳазрат Домла”, “Хонақоҳи Ҳазрат”, “Муҳаммад Юсуфхон домла”, “Ҳазрат Домлои Хонақоҳий” (1840–1918) номлари билан машҳур бўлган зотнинг зиёратига келадилар. Дастурхон ёзилиб, об-таом берилгач, Миён ҳазрат сўз бошлаб: “Бу ерда ҳазрат дастурхонидан нон еб турган кишиларни осмонда учиб юрмаганига ҳайронман”, дейди.
Бундай дейишига сабаб, ўша пайтда ҳазрат домланинг оналари ҳаёт бўлиб, фарзандларига нонни ўзлари тайёрлаб берар ва ҳар гал хамир қоришдан аввал ғусл ва таҳорат олиб, сўнгра қорир экан. Буни каромат йўли билан билган у зот шундай баҳо берганлар (Файзуллаев Р., Абдулаҳатов Н. Муҳаммад Юсуф Ҳазин (Хонақоҳий ҳазрат Марғиноний). – Т.: Sharq, 2013. – Б.1).
***
Шайх Абу Бакр Аббос айтур: “Довуднинг уйига бордим. Кўрдимки, бир пора қуруғ нон илкида йиғлаб ўлтурубдур. Сўрдим:
– Эй Довуд, сизга не бўлди?
Дедиким: – Бу қуруғ нонни егали олдим, билмасманким, ҳалолмудур ё ҳароммудур?
***
Нақл қилишларича, ҳазрати Сайид Нур Муҳаммаднинг (вафоти милодий 1730 йил) пешонасида нур бўлиб, шариат ва тариқат илмларида пешво экани, шунинг баробарида, сарф, наҳв, мантиқ, ҳадис ва тафсир илмларининг донишманди бўлгани қайд этилган. У зот тақводорлиги билан намуна касб этган: эҳтиёжи учун зарурат ноннинг унини ишончи комил бўлган ҳалолдан топиб, хамир қилиб, нон ёпар экан. Нонни қотириб, ўта оч қолгандагина тановул қилар экан.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалол луқма инсоннинг нафақат танасини, балки қалби ва руҳиятини ҳам шакллантиради.
Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,