Тўй — ҳар бир оила ҳаётидаги қувончли ва унутилмас воқеа. Фарзанднинг бахтини кўриш, унинг янги ҳаёт бошлаётганига гувоҳ бўлиш ҳар бир ота-онанинг орзусидир. Халқимиз азалдан тўйларни эл-юрт билан баҳам кўриб, қариндош-уруғлар ва дўстлар даврасида нишонлаб келган. Аммо бугунги кунда айрим оилалар тўйни ихчам ўтказишдан ҳам хавотирга тушмоқда. Сабаби — одамларнинг гап-сўзи ва «Эл нима дейди?» деган ўй.
Афсуски, баъзан тўйнинг қадри меҳмонлар сони, дастурхоннинг тўкинлиги ва сарфланган маблағ билан ўлчанади. Кимдир бошқалардан қолишмаслик учун қарз олади, йиллар давомида йиғган пулини бир кунда сарфлайди. Тўй ўтиб кетади, аммо қарз ва унинг ташвиши оила елкасида қолади.
Аслида, тўйни ихчам ўтказиш камбағаллик ёки обрўсизлик белгиси эмас, балки оқилона қарор ва масъулиятли ёндашувдир. Ҳар бир оиланинг имконияти ҳар хил. Кимдир катта тўй қилишга қодир бўлса, бошқаси ихчам маросимни маъқул кўради. Бунинг ҳеч қандай айбли жойи йўқ.
Тўйни ҳам чиройли, ҳам камхарж ўтказиш мумкин. Меҳмонларни самимий кутиб олиш, дастурхонни исроф бўлмайдиган даражада тузаш ва ортиқча дабдабадан воз кечиш маросимнинг қадрини туширмайди. Аксинча, тежалган маблағни ёшларнинг келажагига, уй-жойига, оилавий эҳтиёжларига ва таълим олишига сарфлаш улар учун катта ёрдам бўлади. Зеро, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва малакали мутахассис бўлиб етишишига киритилган сармоя уларнинг келажаги учун энг қимматли бойликдир.
Энг муҳими, тўй одамлар билан мусобақалашиш учун эмас, икки ёшнинг бахтини нишонлаш учун ўтказилишини унутмайлик. Обрў қимматбаҳо дастурхон ёки ҳашаматли зал билан эмас, инсоннинг одоб-ахлоқи, ҳалоллиги ва эл орасидаги яхши номи билан белгиланади.
Шунинг учун тўйни ихчам ўтказган оилани камситиш ўрнига, унинг танловини ҳурмат қилишимиз керак. «Эл нима дейди?» деган хавотирдан кўра, «Фарзандларимизнинг келажаги ва таълими учун нима фойдали?» деган саволни устун қўяйлик.
Хулоса қилиб айтганда, тўй катта бўлиши шарт эмас, бахт катта бўлсин. Дастурхон ҳашаматли бўлиши шарт эмас, хонадон баракали бўлсин. Ортиқча дабдабага кетадиган маблағ ёшларнинг таълимига, билимига ва келажагига хизмат қилсин. Келинг, тўйдан кейин қарз ва ташвиш эмас, қувонч, хотиржамлик ва умид қоладиган жамиятни биргаликда қурайлик!
Муҳаммади Қораев, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари