1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳаж ва умра зиёрати: дабдаба эмас, маънавият ва маърифат устувор бўлсин

27-10-2026, 11:45 119 Ўқиш режими + -
Ҳаж ва умра — ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қалбидаги энг улуғ орзулардан бири. Бу муқаддас сафар инсоннинг қалбини поклаш, имонини мустаҳкамлаш, нафсини тарбиялаш ва Аллоҳ таолога янада яқинлашиш учун улуғ бир имкониятдир. Инсон муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, дуо ва ибодатлар билан юртига қайтар экан, унинг қалбида шукроналик, камтарлик ва эзгуликка интилиш янада кучайиши лозим.
Афсуски, баъзан ҳаж ва умрадан қайтган айрим кишиларнинг зиёратини нишонлаш баҳонасида ортиқча дастурхонлар ёзилиб, қимматбаҳо таомлар тайёрланиб, катта-катта тадбирлар ўтказилади. Баъзи ҳолларда эса бу тадбирлар одамлар орасида ким ўзганикидан дабдабали зиёфат бериши билан рақобатга ҳам айланиб қолади. Натижада муқаддас сафарнинг маънавий мазмуни ўрнига ортиқча харажат, мақтаниш ва одамларнинг гап-сўзлари биринчи ўринга чиқиб қолиши мумкин.
Аслида эса, бундай тадбирларга сарфланадиган маблағларнинг бир қисмини фарзандларимизнинг илм олиши, таълим-тарбияси ва келажагига йўналтириш янада хайрли ва манфаатлидир. Зеро, фарзандга бериладиган энг катта мерос — бу бойлик ёки дабдабали маросимлар эмас, балки мустаҳкам билим, юксак маънавият ва гўзал ахлоқдир. Уларнинг сифатли таълим олиши учун шароит яратиш, китоблар олиб бериш, қўшимча билим эгаллашига кўмаклашиш ва иқтидорини ривожлантириш нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг келажагига қўшилган муҳим ҳиссадир.
Ҳаж ва умрадан қайтишни дабдабали зиёфатлар билан эмас, балки эзгу амаллар, муҳтожларга ёрдам бериш, фарзандлар таълимига сармоя киритиш ва жамиятга наф келтирадиган ишлар билан нишонлаш қандай гўзал! Ахир, бугун илмли, одобли ва маърифатли фарзандни тарбиялаш эртанги кун учун мустаҳкам пойдевор қўйиш демакдир.
Унутмайлик: муқаддас сафарнинг қадри дастурхоннинг тўкинлиги билан эмас, балки инсоннинг қалби, хулқи ва амалларидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Ортиқча дабдабага сарфланадиган маблағларни илм-маърифатга, фарзандлар камолига ва хайрли ишларга йўналтириш эса нафақат оиламиз, балки келажак авлодларимиз учун ҳам энг оқилона ва савобли қадамлардан бири бўлади.

Муҳаммади Қораев, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари