Ислом дини илмга асосланган диндир. У жоҳилликни қоралайди. Илмсиз жоҳил кишиларнинг ҳар хил оқимларга кириб кетишлари ҳам уларнинг жоҳилликлари сабабдир.
Айниқса, жоҳил кишининг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир. Жамиятдаги инсонлар ўртасида фитналар, келишмовчиликлар содир бўлганда нима қилиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Хулоса қилиб айтамизки, инсон доимо илм ўрганиб, ўзидаги жоҳилликни бартарф этиб бориши зарур. Жоҳиллик мўмин-мусулмоннинг сифати эмас. Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига мушарраф қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими