Инсон ҳаётда яшар экан доимо тўй ва аза, иссиқ ва cовук,очлик ва тўклик яхшилик ва ёмонлик каби синовлар қуршовида бўлади. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да шундай дейилади: “ Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: “ Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собрларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга парвардигорлари томонидан салавот ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. ( Бақара сураси, 155-157-оятлар). Шундай синовлардан бири инсон атрофидаги кишиларнинг вафот этишидир. Бу вафот этиш ажралиш бўлиб, у инсон учун мусибатдир. Албатта, инсон мусибат етганда: “ Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб унга сабр килади. Мусибат етганда бақириб-чақириб йиғлаб, талвасага тушиб қолинмайди.
Мусибат етган хонадон аҳлининг қуйидаги одоблари бор:
- Мусибат етган хонадон аҳлининг ғамгин бўлишлари;
- Мусибат етганда сабр қилиб: “ Инна лиллаҳи ва инна илайғи рожиъун” дейиш;
- Мусибат етган хонадон аҳли очиқ-сочиқ кийимда эмас, балки миллий ва диний урф-одатларимизга мос келадиган либосларни кийишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳллари дод-фарёд қилиб, гўяндалик қилишдан тийилишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳли ўйин-кулгу, ҳазил-мазах ҳатти-ҳаракатлардан сақланишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳли уч кун азадор ҳолда бўлишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳли марҳумнинг васияти, омонати, қарзини адо қилишлари;
- Мусибат етган хонадон асосан эътиборни марҳумни дафн қилиш ишларига қаратишлари лозим.
Мусибат етган хонадонга марҳумни дафн қилиш маросимига қатнашиш учун борилади. Зеро, инсоннинг инсондаги олтита қарзидан бири вафот этган кишининг дафн марсимига қатнашишдир. Дафн маросимида қатнашиб, марҳумнинг тобутини кўтариб, уни қабрга қўйишда қатнашиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Аза маросимида иштирок этаётган киши марҳум тобутини кўтариш тартибини билиши лозим. Марҳум тобутининг олд чап томони ўнг елкага қўйиб ўн қадам, кейин тобутнинг орқа чап томони ўнг елкага ўн қадам, сўнгра эса тобутнинг олд ўнг томони чап елкага қўйиб ўн қадам, кейин тобутнинг орқа ўнг томони чап елкага қўйиб ўн қадам, жами қирқ қадам кўтариш тобут кўтариш тартибидир. Марҳум тобути олдида ҳўл дарахт шохидан ҳасса қилиб олиб, бақириб-чақириб юришлик номақбул ( макруҳ)дир. Тобутнинг орқасидан маюс, ғамгин, кулмай гаплашмай қабристонга бориш яхши фазилат ҳисобланади. Марҳумнинг кабрига: “ Минҳа халақнакум ва фийҳа нуъийдукум ва минҳа нухрижукум торатан ухро” деб тупроқ ташланади. Марҳум ортидан халқнинг қилган дуоси марҳум учун мустажобдир.
Марҳум қабрга қўйгандан сўнг мусибат етган хонадон аҳлиларига таъзия таъзия билдирса, бўлади. « Таъзия» сўзи сабрга чақириш, юпатиш, каби маъноларни англатади. Таъзия бу-вафот этган кишининг аҳли оиласига яқинларига тасалли гапларни айтиш уларнинг қайғусига шериклик ҳамдардлик билдиришдир.
Мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдиришда: “ Нима бўлса, худонинг хоҳиши билан бўлади. Аллоҳ таоло ўтганларни раҳмат қилсин. Сизга сабр ва ажр берсин” каби тасалли сўзлар айтилади. Тазия марҳумнинг ҳамма яқинларига, каттаю -кичикларига билдирилади. Таъзия билдириш мусибатдор хонадонга ҳамдардлик бўлиши билан бирга катта савоб олинадиган амалдир. Ҳадисда: “Кимки мусибат етган кишига таъзия билдирса, унга ҳам мусибат аҳлига берилган савоб миқдорича савоб берилади» дейилади.
Аллоҳ таоло мусибат етган хонадон аҳлига сабру-жамил ато қилиб, ўтганларимизни Ўз раҳматига дохил қилсин!
Руҳиддин Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими