Соғлик, офият – улуғ неъмат!
Офият - улуғ бир неъматдир.
Унинг учун Аллоҳга доимо ҳамб айтинг.
Сув, ҳаво, тан-сиҳатлик, эл-юрт тинчлиги каби инсон ҳаётининг асоси бўлган неъматлардир. Шу боис дуога қўл очилганда ушбу каломлар такрор ва такрор айтилади. Бугун бутун дунё аҳолисининг соғлигини асраш, мустаҳкамлаш учун курашмоқда. Англаганингиздек, гап коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг саломатлигини асраш ҳақида бормоқда. Бу борада мамлакатимизда ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда маҳаллий мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳам ҳамкорликда тизимли фаолият олиб борилмоқда. Бу жараёнда аҳолининг ҳам фаол иштироки жуда муҳим аҳамият касб этмоқда..
Муҳтарам президентимизнинг каронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича чиқарган фармонларида пандемиянинг мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, инсоният келажаги, жамиятнинг саломатлик даражасини мустаҳкамлаш, асраб авайлаш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар қилиниши белгилаб қўйилганки, бу ҳолат халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кўриш кўрсаткичлари янада юқорилашида самарали натижалар беради.
Ибн Синодек қомусий олим минг йиллар бурун: “Мен ўзимдан сўнг тўртта табибни қолдираяпман: қуёш, тоза ҳаво, сув ва бадан тарбиядир”, деган фикрни илгари сурган эдики, бугун ҳар биримиз айни шу тўрт табиб аталмиш нарсалардан унумли фойдаланган ҳолда коронавирусга қарши курашишда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши лозим.
Карантин билан боғлиқ тартибга ўз вақтида риоя қилсак ва оилада ҳам ушбу тартибни самарали қўлласак биз ўз соғлигимизга ва ўзгалар соғлигига қўшган ҳиссамиз бўлади ҳамда ушбу хавфлардан талофатларсиз чиқиб кетамиз ва бу билан аввалгидек ишлаймиз, туй томошалар қиламиз ва одатдагидек турмуш тарзимизга қайтамиз. Тўғри, уйдан ташқарида ишлаган кишига тўсатдан уйда қолиш ғалати бўлиши мумкин аммо инсоният сабр қилишга ҳам ўрганиши керак. Улуғ саҳобалардан бўлган Али Ибн Абу Толиб р. а. айтганларидек “Сабр қилинглар, чунки сабр этиш иймондан. Худди бош жасадда бўлганидек сабр ҳам иймонда бўлади”.
Тождор вируснинг республикамизга кириб келиши бутун соҳаларга янгича ёндашув касб этди, лойиҳалар ишлаб чиқилди, уйда туриб иш бошқариш, фарзандларимизнинг уйда дарс қилиши, онлайн бошқарувлар, қоғозларсиз ҳисобот топшириш кабиларни ҳозирда касалликнинг тарқалишини олдини олишда самарадор усуллардан эканлигини ҳисобга олиб фойдаланишимизга тўғри келаяпти.
Ушбу лойиҳа бўйича бажарилаётган ишлар ҳаётимизда ижобий натижалар бермоқда. Ота-оналар фарзандлари учун кўпроқ вақт ажратишмоқда, фарзандларининг қизиқишлари, характери билан танишишаяптики, бу ҳолат карантинсиз ҳам бўлиши керак эди аслида...
Атрофимизни ўраб турган муҳитнинг ўзгаришларига ҳамоҳанг ўзгарайлик, уйда бўлиб ўзимизнинг юртимизга, яқинларимизга ўз ёрдамимизни берайлик, гигиена талабларига риоя қилиб, ниқоб, қўлқоп ва антисептик воситалардан тез тез фойдаланибўз соғлигимиз ва яқинларимиз хавфсизлигинихавфга қўймайлик. Бугун ушбуларга риоя қилиб ўзимизниасрашимиз касалликнинг олдини олиш ҳамда юртимизнинг эртанги кунига қўшган катта ҳиссамиз ҳисобланади.
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш йўлида хизмат қилаётган соғлиқни сақлаш тизимимутахассисларнинг тезкор хизматлари самарали бўлишини Аллоҳдан сўрайлик!
Қўрқув ва ваҳималар ичра яшайдиган кишиларга айтар сўзимиз шуки, сиз қўрқув билан келиши мумкин бўлган хатарни янада кучайтирмоқдасиз. Сизнинг бу хавотир ва ваҳимангиз хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Ноўрин қўрқувларимизни жиловлаб, фақат Аллоҳдан қўрқайлик. Инфекциядан ҳимояланиш борасида тавсия қилинадиган барча эҳтиёт чораларга риоя қилган ва Аллоҳга суюнган ҳолда Роббимиздан дунёга келган бу ваболардан халқимизни ўз паноҳида асрашини сўраб қолайлик. Ҳозирча уйда қолиб, вақтдан унумли фойдаланиб, диний ва дунёвий билимлардан ғамлаб олайлик. Бу ваболар иншааллоҳ тез кунларда бошимиздан кўтарилажак!
Наргиза Садатова
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходимаси