1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАҚ ИЛА БОТИЛНИ ДАЪВО ҚИЛУВЧИ ТОИФА

7-04-2020, 10:49 490 Ўқиш режими + -
  

ҲАҚ ИЛА БОТИЛНИ ДАЪВО ҚИЛУВЧИ ТОИФА


Ҳозирги ахборот алмашуви ривожланган давримизда ўзларини ҳақиқий мусулмонлармиз деб даъво қилаётган баъзи тоифалар ҳақиқатда улар жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфли эканлиги қилаётган ишларидан маълум бўлмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл бир бирига ўхшаш, яаъни одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.   
Бу каби шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. 
“Ислом” ва “террор” сўзлари бир бирига мазмунан зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони каримнинг «Наҳл» сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”. 
“террор” каби ҳаракатларнинг барчасини аллақачон исломда «улкан гуноҳ», деб белгилаб қўйилган.
Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради. 
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлилик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифода этади. 
У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Бу каби ишлар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг![1]” кўрсатмасининг амалдаги исботидир. 
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоатларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор-у дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.
            Аллоҳ таоло Қуръони каримда ноҳақдан одам ўлдириш улкан гуноҳи азим эканлиги борасида шундай марҳамат қилади:
“…кимки, бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят). “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).
            Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, динимиз инсонларни зулматлардан нурга чиқишга, ҳам маънан ва жисман камол топишга, ота-онага яхшилик қилишга,   силаи раҳм қилишга, фақирларга кўмак беришга, турли адашган фирқалар ва бузғунчи  гуруҳларга қўшилиб кетмасликка, диний ва дунёвий илм олишга чақиради.
       Пайғамбаримиз (с.а.в) даврида бўлган урушлардан бирида Усома ибн Зайд бир мушрикнинг орқасидан қувлади. Гарчанд у калимаи шаҳодатни
айтган бўлса-да, Усома барибир, чопиб ташлади. Усома мушрик ўлимдан қўрққанидан калима келтирди, деб ўйлади. Мадинага қайтиб борганларидан кейин бу гапдан хабар топган расулуллоҳ Усомадан: “Ла илаҳа иллаллоҳ деса ҳам ўлдирдингми? Энди Ла илаҳа иллаллоҳ деган калима учун қандай ҳисоб берасан?” деб сўрадилар. “У жонини сақлаб қолиш учунгина имон келтирди”, дея ўзини сақлашга уринди Усома. 
Пайғамбаримиз (с.а.в) : “Сен унинг юрагини ёриб, гапининг чин, ёлғонлигини билганмидинг?” дедилар. 
Бу ҳақли саволига қандай жавоб беришни билмай қолган Усома: “Эй Расулуллоҳ, мен учун истиғфор айтгин”, дея ўтинди.
Пайғамбаримиз (с.а.в) эса ҳадеб: “У Ла илаҳа иллаллоҳ деган бўлса, ўлдиришга қандай қўлинг борди-а?” деб такрорлар эдилар. Усома ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, кўп афсус-надомат чекди, ҳатто: “Қани эди шу кунгача мусулмон бўлмаганимда,”деди.
Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзларини қанчалик безаб кўрсатишга урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани кундек равшин бўлмоқда.
  

Л. Олимов
Китоб тумани бош  имом- хатиби