1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Дунёга машҳур асарнинг тўлиқ номи

9-04-2020, 17:36 479 Ўқиш режими + -
 

Дунёга машҳур асарнинг тўлиқ номи
 (ёхуд ҳадис китобларининг ёзилиш тарихи)
   
                    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
               Умматларига меҳрибон бўлган зот Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ҳаётлари хақида, у зотнинг хулқлари, кийинишлари, таомланишлари, юришлари, сўзлашишлари, қандай ибодат қилганликлари ва бошқа одоблари ҳақида бизга маълумотларни етказиб берадиган ҳадисларнинг, ҳадис китобларнинг ёзилиш тарихи хақида маълумотларга эга бўлиш учун албатта тарихга назар солиш керак бўлади.
               Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари расмий равишда ҳижрий юзинчи йил атрофида халифа   Умар ибн Абдулазизнинг даврида бўлгани маълум ва машҳур. 
              Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоби ёзишларини сўраган. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб ёзган. Бошқалар ҳам унга эргашиб китоблар ёзишган. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланган. Ушбу даврдаги ҳадис китобларини тасниф қилишдаги асосий йўналиш китоб ёзаётган шахсга етиб келган ҳадисларни қоғозга тушириб, китоб шаклига келтиришдан иборат бўлган. Натижада ҳадис китобларнинг ҳажми катталашиб борган. Абдураззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари тасниф қилган китоблар ўн ва ундан ортиқ жилддан иборат бўлган. 
Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга эътибор қиладиган бўлсак, вақти – соати келиб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари бўйича одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учун мухтасар бир китоб тасниф қилиш зарурати туғилган эди.
 
                Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб англаб етдилар ва ҳадис китобини ёзишга бел боғладилар. Имом Бухорий “Ал - жомеъ ас - саҳиҳ” асарини ёзишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни ўзлари эслаб, айтиб берганлар.
                Хатиб Бағдодий машҳур “Тарихи Бағдод” китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг: Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Асҳобларимиздан бири, Набий (с.а.в.) нинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласангиз-чи , деб қолди ва бу гап қалбимга ўрнашиб қолди, кейин ушбу китобни жамлашни бошладим”, деганини эшитдим”.
               Абдулҳай   ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аммод Ҳанбалий ўзининг “Шазаротуз – заҳаб фий ахбори ман заҳаб” номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан қуйидаги ривоятни келтиради:  “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Набий (с.а.в.) ни тушимда кўрдим. Мен ул зотнинг олдиларида туриб, қўлимдаги елпиғич ила елпимоқдаман. Баъзи таъбирчиларга тушимни айтсам, сен ул зотдан ёлғонларни  четлатар экансан, дейишди. Мана шу нарса “Саҳиҳ”ни чиқаришимга туртки бўлди”,  деганини эшитдим”.
                 Ушбу икки ривоятни жамлаб, имом Бухорий Исҳоқ ибн Роҳавайҳ  раҳматуллоҳи алайҳининг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган дейишимиз мумкин.
                   Имом Бухорийнинг бош асари бўлмиш “Ал - жомеъ ас - саҳиҳ” асари турли номлар билан аталади. Аммо, у кишининг  ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли кишилар билади. Китобнинг асл ва тўлиқ номи қуйидагича:   “Ал - жомеъ ас – саҳиҳ ал муснад мин ҳадиси Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айямиҳи” . 
             Китобнинг номини сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, “Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи   васалламнинг  ҳадислари,  суннатлари   ва  айёмлари  ҳақида   жамловчи, саҳиҳ ва муснад”,  деган маъно чиқади.
        Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Одоблар хазинаси”  ва бошқа манбалар асосида тайёрланди.
 
Қарши шаҳар “Араловул” жомеъ
масжиди ноиб имоми:                                                                                          Баҳодир Нуриддинов