«АРАЛОВУЛ» МАСЖИДИ
1421
10-04-2020, 17:50
783
Ўқиш режими
+
-
«АРАЛОВУЛ» МАСЖИДИ
«Араловул » масжиди «Араловул» маҳалласининг Намуна кўчаси 9 уйда жойлашган. Масжиднинг“Араловул” деб аталишига сабаб, унинг “Араловул” маҳалласида жойлашганидир. Шу маҳалланинг номидан келиб чиқиб масжидга “ Араловул” деб ном берилган.
“Араловул ” атамаси ҳақида таниқли топономик олим Т. Нафасов: “Араловул-Қарши туманидаги қишлоқ. Сув (дарёнинг тармоқланган жойи) ўртасидаги ер бўлаги, сувдан ажралиб чиқиб турган баландроқ жой, яланглик - арал-умумтуркий сўз. Арал+овул (орол сўзининг диалектик кўриниши) - дарё қирғоғидаги баландликда ўрнашган қишлоқ демакдир[1]” деб ёзади.
Кексаларнинг айтишича, “Араловул” масжиди дастлаб 1895 йилда Мурод бобо деган киши томонидан қурилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида масжид халқ ҳашари ёрдамида қайта таъмирланади.
1998 йилда“Араловул” масжиди Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинди.
2017-2018 йилларда “ Араловул” масжидида кутубхона, имом ва мутаваллиёт хоналари ва замонавий таҳоратхона қурилди. 2018 йил май ойидан бошлаб “Араловул” масжиди биноси қайта қурила бошлади. Масжиднинг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг эни ва бўйи 21 метр 80 сантиметрга 36 метр-у 80 сантиметрни ташкил қилади. Масжиднинг томи гумбаз шаклида ёпилган. Масжиднинг учта дарвоза бор. “Араловул” масжидида ҳали қурилиш ишлари давом этмоқда.
Ҳозирги кунда “ Араловул” масжидида фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т. Ўқитувчи нашриёти. 1988. 15-бет.